Бойлар тез кўпаяпти: Россиянинг 90 фоиз пули 3 фоиз олигархлар қўлида
Энг бой 3 фоиз россияликларнинг қўлида молиявий активлар, қимматли қоғозлар, муддатли омонатлар, жорий ҳисобрақамлар ва нақд пул кўринишидаги жами бойликларнинг деярли 90 фоизи жамланган. Олий иқтисодиёт мактаби ва "Внешекономбанк"нинг таҳлилчилари шундай хулосага келган, деб хабар беради минбар.уз сайти.
2018 йилда барча молиявий активларнинг 89 фоизи, барча муддатли омонатларнинг 92 фоизи, барча нақд пулларнинг 89 фоизи энг бой 3 фоиз россияликнинг қўлида тўпланган экан.
Молиявий активларнинг 6 фоизи, муддатли омонатларнинг 4 фоизи ва нақд пулнинг 3 фоизи энг камбағал 20 фоиз россияликнинг ихтиёрида бўлган.
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишларича, охирги беш йилда энг бой россияликларнинг ўртача даромади камайган, лекин мамлакат иқтисодиётида уларга тегишли бўлган молиявий активлар ва маблағлар улуши ошган.
Росстатнинг 2018 йилга оид маълумотларига кўра, Россияда аҳолининг 12,9 фоизи қашшоқликда яшайди, уларнинг даромади кун кечириш учун зарур бўлган энг кам кўрсаткичдан ҳам пастдир. 2018 йилнинг тўртинчи чорагида кун кечириш учун зарур энг кам сумма 10213 рублга тенг бўлган.
Бу Россиядаги нотенглик таҳдидли даражага келиб қолди дегани. 2018 йилнинг тўққиз ойида ўтган йилнинг худди шу даврига қараганда Жини коеффициенти (нотенглик индикатори) 0,400 дан 0,402 гача кўпайган.
2018 йилнинг охирида Россияда 30 миллион доллардан кўп пули бўлган 1500 нафар ўта бой инсон, шунингдек 101 нафар долларли миллиардер яшаган. Ўта бой инсонлар (миллиардерлар) кўпайиши суръати ошиши бўйича Россия дунёда биринчи ўринни эгаллаганини "Ворлд Веалтҳ Репорт" тадқиқотчилари аниқлаган.