Бугун Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни

Йиллар оша ушбу кун 100 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб, экологик муаммоларни ечишда ёрдам беришга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу кунда барча халқлар бирлашиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, она-Еримизни асраб қолишга ўз ҳиссасини қўшиш имконига эга бўладилар.

Халқаро атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1972 йил Стокгольмда бўлиб ўтган “Инсоният муҳити” мавзусидаги конференцияда жорий этилган.

Ушбу сана қуйидаги жиҳатлари билан муҳим:

- инсоният фаровонлиги, атроф-муҳит соғломлиги, иқтисодиёт самарадорлиги, еримизда мавжуд бўлган табиий ресурсларни оқилона бошқаришимиз, улардан тежамкорона фойдалана олишимизга боғлиқ;

- ҳозирги кунда Ер шаридаги кўплаб экотизимларнинг захиралари деярли бутунлай тугаб, ортига қайтариб бўлмайдиган салбий жараёнларга юз тутган. Бунинг устига бутун дунёда аҳолининг ўсиб бориши, иқтисодий ривожланиш каби омиллар мазкур муаммонинг янада чигалланишига олиб келяпти;

- 2050 йилга келиб дунё аҳолисининг сони 9,6 миллиардга етиб қолишини инобатга олганда, табиий ресурсларнинг ҳозирги суръат ва ҳажмларда истеъмол қилишимизни, маҳсулот ишлаб чиқаришимизни давом этаверсак, келажакда бизга ҳозирги Ер шаримизнинг катталигидаги яна учта Ер шари керак бўлади.

Мазкур сана нафақат она-ер туҳфаларини қадрлаш, Ерда мавжуд бўлган бой биологик хилма-хилликни асраш кунидир. Ушбу кунда биз барчамиз она-Ерни қандай қилиб муҳофаза қилишимиз, унинг табиатини қандай асрашимиз, долзарб бўлиб қолган экологик муаммоларни қандай ечишимиз мумкинлиги тўғрисида чуқур ўйлашимиз, Ер шарини янада гўзалроқ, соғломроқ қилиш йўлларини излашимиз лозим.

БМТ ушбу санани қай тарзда нишонлайди?

Мазкур санани нишонлаш билан боғлиқ кенг кўламдаги тадбирларни муайян бир шиор остида ёки мавзуда ўтказиш вазифаси ҳар йили алоҳида бир мамлакатга юклатилиб, шу мамлакатда 5 июнь куни тўғри келадиган ҳафта давомида халқаро кўргазма ташкил этилади.

Мазкур санани нишонлашда бутун дунё бўйлаб 70 та мамлакатда миллионлаб одамлар иштирокида кенг кўламли тадбирлар ўтказилади. Ҳар йили кекса ва ёш фаоллар турли кўргазмалар, атроф-муҳитни тозалаш ишлари, ҳашарлар, концертлар, ОАВ иштирокидаги бир қатор тадбирлар, турли танлов ва мусобақалар ташкил этадилар.