Бугунги боғчалар кечаги эмас - уларда таълим-тарбия сифати ошмоқда

Бир пайтлар боғчаларга эътибор анча сусайганди. “Қўй, болам. Шу боғчага бориб нима қиласан? Боғча опаларинг ухлатишдан бошқа нарсани билмайди”, дейишарди. Лекин бугун тизимда ўзгаришлар катта.

Қайси боғчага борсангиз, турнақатор навбат.

- Опажон фарзандимни боғчага олмасангиз бўлмайди. Уйда ҳар куни жанжал. Қўшнининг қизи боғчага боради-ю, нега мен бормас эканман? Бир иложини қилинг, хизматдамиз.

- Ака бунинг иложи йўқ. Муассасамиз ўзи 80 ўринли. Олдингидай исталганча болани олишга ҳақимиз йўқ. Навбатга қўйишга мажбурсиз.

Бу каби суҳбатлар бугун тез-тез қулоққа чалиняпти. Ота-оналарнинг ҳам фарзандининг илк таълим олишини истаётганлари талайгина.

Хўш, бугун Пайариқ тумани мактабгача таълим ташкилотларида аҳвол қандай? Боғчалар ота-оналар ўйлаганидек талаб даражасидами? Шу каби саволлар билан туман мактабгача таълим бўлими мудири Неъмат Зоировга мурожаат қилдик.

- Фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол вояга етиши учун илк таълим муассасалари, яъни боғчаларнинг аҳамияти катта, - дейди Н.Зоиров. - Бугун мактабгача таълим муассасаларимиз ўзгача қиёфа касб этган. Уларнинг барчасида болаларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Тарбиячилар ҳам бор эътиборини болаларнинг ўқиб-ўрганишига, таълим-тарбия олишига қаратмоқда. Шунинг учун таълим масканларига қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Туманимизда 47 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Оилавий нодавлат МТТлар сони 116 тага етди. Бундан ташқари, 8 та давлат-хусусий шериклик асосида, 2 та хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ҳам бор. Жорий йил охиригача яна 3 та боғча инвестиция дастури асосида қурилиб фойдаланишга топширилади.

Ушбу муассасаларда 10 минг нафардан зиёд болажонлар таълим-тарбия олишмоқда. Мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг боғчаларга қамрови 53,4 фоизни ташкил этяпти.

Бугунги боғчаларимиз кечагидек эмас. Бола боғчага келса бўлди, буёғи бир гап бўлар қабилида иш тутиш йўқ. Тарбиячилар зиммасида кичкинтойлар қалбида китобга меҳр-муҳаббат уйғотиш, мутолаага қизиқтириш, инсоний фазилатларни шакллантириш, уларни ҳам жисмоний, ҳам ақлий ривожлантиришдек масъулият турибди.

Шу боис боғча ходимлари ўртасида “Кимнинг боғчаси чиройли ёки саришта”, “Энг пазанда ошпазлар”, “Мен боғчада ишлашдан ғурурланаман” каби мавзуларда кўрик-танловлар ташкил этяпмиз.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,

Ширинбой МАМАДАЛИЕВ.