Булунғурда амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли ва корхоналарга қандай фойда беради?

Туманда бу йил 2 та корхона томонидан 8 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилади.

Жумладан, "Sаmаrkand-КZT ЭКО Мilk compani" масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 17,5 миллион долларлик иссиқхона ва чорвачилик комлекси ташкил этишга киришилади. Лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилда 3 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади ҳамда 80 та янги иш ўрни яратилади.

"Ғўбдин соф паррандалари" масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда қиймати 6 миллион долларлик паррандачилик хўжалиги ташкил этилади ва 5 миллион доллар хорижий сармоя ўзлаштирилади. “Samarqand Richland International Investment” МЧЖ хорижий корхонаси томонидан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 150 минг доллар хорижий инвестиция киритилган.

"Хитой беш бармоқ қурилиш материаллари" масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонаси туманда пишиқ ғишт ишлаб чиқариш лойиҳасини кенгайтириш мақсадида 523 минг доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январдаги видеоселектор йиғилишида ҳар бир шаҳар, туманга қўшимча 50 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштириш топшириғини берган. Ушбу топшириқ ижроси юзасидан бугунги кунда туманда умумий қиймати 94 миллион долларлик 9 та лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар доирасида жорий йилда 38,5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган.

- Бундан ташқари, умумий қиймати 328,1 миллиард сўмлик 34 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва қўшимча 2520 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган, - дейди туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Аллаёр Маҳрамов.

Биргина қишлоқ хўжалиги йўналишида 5 та узумчилик кластери томонидан 3 минг гектар ер майдонида қиймати 142,7 миллиард сўмлик лойиҳалар доирасида 2129 та доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади. 

Яна қиймати 51,6 миллиард сўмлик паррандачилик, пиллани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатишга доир лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ҳақиқатда туман янги корхона очиш, сармоя киритиш, сотиш ва қайта ишлаш учун географик жиҳатдан ҳам, логистика жиҳатидан ҳам қулай ҳудуд ҳисобланади. Биргина қишлоқ хўжалиги йўналишини оладиган бўлсак, туман аҳолиси бу борада етарлича тажриба ва кўникмага эга. Туманда чорвачилик, боғдорчилик, узумчилик ва бошқа соҳаларда фаолиятни ташкил этиш истиқболли ҳисобланади.

Масалан, 2016 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишида фаолият бошлаган “Samarqand garden plast” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонаси йилига 20 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотини музлатиш ва қайта ишлаш қувватига эга.

- Корхонамизда мавсумда 400 нафарга етадиган ишчилар ёрдамида гулкарам, ошқовоқ, булғор қалампири, қовун, шафтоли, гилос, бақлажон, исмалоқ ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлаймиз, - дейди жамиятнинг цех бошлиғи Фарҳод Қўчқоров. – Шафтоли, олча, булғор қалампири ва гулкарам корхона тасарруфидаги 1400 гектар майдонда етиштирилади. Қовун, ошқовоқ Жиззах вилоятидан келтирилади. Ҳозирда Россия, Украина, Беларусь, Жанубий Корея, Хитой давлатларига йилига 5 минг тоннагача маҳсулот экспорт қиламиз.

Ўтган йили Швейцариядан 800 минг долларга қишлоқ хўжалик маҳсулотини 40 даражагача музлатиш имконини берувчи замонавий ускуна олиб келдик. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини 50 фоизгача оширади. Нидерландиядан 400 минг долларга маҳсулотни ярим тайёр ҳолга келтирувчи ускуна харид қилинди. Яна 200 минг долларга лазер ва ҳаво орқали маҳсулотни сараловчи жиҳозлар олдик. Гулкарам ва броколи маҳсулотини кесиш учун Италиядан 200 минг долларга пичоқлар келтирилди. Бу ускуналар меҳнат самарадорлигини 50 фоизга оширади, маҳсулот қабул қилиш ва экспорт ҳажмини икки баробар кўпайтиради.     

2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун корхона ҳудудидан помидор ва шафтолини консервалаш заводи қурилади.

Ўктам Худойбердиев,

Бахтиёр Мустанов, фото.