Булунғурда бурунги узумзорлар қайта тикланади
Бундан 30-40 йил илгари Булунғур туманида 13 минг гектардан зиёд майдонда узум етиштирилган. Турли сабабларга кўра токзорлар бирин-кетин бузилиб, йилдан-йилга камайиб борган.
Кейинги йилларда уларни қайта тиклаш чоралари кўриляпти. Бугунги кунда туманда 2562 гектар узумзор мавжуд бўлиб, яна бир йил ичида 3 минг гектардан зиёд майдонга ток кўчатлари ўтқазилади.
Туманда ўтказилган “Самарқанд вилоятида узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишда давлат томонидан яратилаётган имкониятлар” мавзусидаги амалий семинарда шулар хусусида сўз юритилди.
Соҳа мутахассислари иштирок этган семинарда мамлакатимизда узумчиликни ривожлантириш ажратиладиган субсидия, имтиёзли кредит ва бошқа имкониятлар тўғрисида тушунчалар берилди.
- Булунғурда узумчиликни ривожлантириш учун тажриба ҳам, имконият ҳам етарли, - деди туман ҳокими Баҳодир Баҳромов. – Давлатим раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган эътибор янада кўп қулайликлар яратилишига сабаб бўляпти. Туманимиздаги мавжуд 2562 гектар узумзордан 1887 гектари ҳосилга кирган. 675 гектар токзор эса кейинги 2 йил ичида барпо этилган. 2021 йилда Зарафшон массивида 126 гектар лалми ер майдонларида сув чиқарилиб, кишмишбоп майиз етиштиришга ихтисослашган 3 та кооперация ташкил этилди ва “Ёшлар дафтари”да турган йигитларга 50 сотихдан бўлиб берилди. Шу йилнинг куз ва 2022 йилнинг баҳор ойларида 3044 гектар ғалладан қисқарган майдонлар ҳисобидан янги узумзорлар барпо этиш лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. 550 гектар ерда саноатбоп ва 2495 гектарида майизбоп узумлар етиштирилади.
- Бир неча фермер хўжаликларини бирлаштириб, кластер ташкил қилдик, - дейди “Шоҳжаҳон” узумчиликка ихтисослашган кластер корхонаси раҳбари Дилбар Жалилова. – Умумий ер майдонимиз 455 гектарни ташкил этади. Мақсадимиз экспортбоп узумлар етиштириб, оз ердан кўп даромад қилиш. Қиймати 30 миллиард сўмлик лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, гектаридан 6 минг тонна ҳосил олиш ниятидамиз, унинг 3 тоннаси экспорт қилинади. 2024 йилга келиб 820 киши ишли бўлади.
Шунингдек, семинар доирасида токзорлар учун зарур бўлган бетон устун, сим, қуёш панеллари ва кимёвий препаратларни етказиб берадиган таъминотчи корхоналар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Семинардан сўнг тадбир иштирокчилари туманнинг Чорбоғ маҳалласидаги томорқаларда узум етиштириш тажрибаси билан танишди.
Тўлқин Сиддиқов.