Бухоро Арки қачон қурилган?
Юртимизда Наврўз байрами муносабати билан эълон қилинган 3 кунлик дам олиш куни доирасида аҳоли, жамоалар тарихий жойларга саёҳат қилмоқда. Жумладан, аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ходимлари Бухоро тарихининг тирик гувоҳи - Аркда бўлишди.
Тарихий манбаларда келтирилишича, Бухоро амирларининг қароргоҳи бўлиб келган Арк бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тикланган. У ҳақдаги илк маълумотлар Абу Бакр Наршахийнинг (899-960) “Бухоро тарихи” асарида учрайди: “Бухоро ҳукмдори Бухорхудот Бидун ушбу қалъани қурдиради, аммо у тез орада вайрон бўлади. Шунда Бухорхудот донишмандларни чақириб, улардан маслаҳат сўрайди, улар эса қалъани Катта айиқ юлдузлари туркумини эслатувчи етти устун устида қуриш кераклигини айтишади. Ҳукмдор шундай йўл тутади ва Арк мустаҳкам бўлади”.
Арк қачон қурилгани ҳалигача аниқланмаган. Аммо олимларнинг тахминича, бундан бир-бир ярим минг йил олдин ҳам ушбу маҳобатли меъморий обида ҳукмдорларга қароргоҳ бўлган.
Арк, у неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз истилочию босқинчиларни кўрган. 1220 йили Чингизхон қўшини шаҳарга бостириб келганида, аҳоли Арк ичига яширинади.
Аркда нафақат ҳукмдор амирлар, балки буюк олимлар, шоиру файласуфлар ҳам яшаб, ижод қилиб, авлодларга бебаҳо мерос қолдиришган. Бухоро маданияти энг юксалган ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али Ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар яшаган.
Арк ғарбдан шарққа чўзилган қийшиқ тўртбурчак шаклига эга. У замонавий шаҳарнинг ғарбий қисми ўртасида жойлашган. Деворлар айланасига узунлиги 789,6 метр, майдони 3,96 гектар. Майдон сатҳидан баландлиги 16-20 метрни ташкил этади. Аркка икки устунсимон шаклда қурилган миноралар орасидан кирилади. Дарвозаларига йўлак тепага қараб юксалиб борадиган пандус (нишаб майдонча) шаклида қурилган.