Дардни айтиб йиғлашда ҳам маданият бўлсин... Ёхуд халқ қабулхонасидаги манзара хусусида
Бугунги кунда халқ дарди билан яшаш, фуқаролар мурожаатини тинглаш, муаммо ва шароитларини ўрганиш, керакли ёрдам ва йўл-йўриқ кўрсатиш давлатимиз раҳбаридан тортиб, барча мансабдор шахсларнинг кундалик юмушига айланган, деб ёзмоқда “Ургут садоси” газетаси.
Хусусан, туманимизда ҳам ҳафтанинг ҳар пайшанбасида халқ билан мулоқот ўтказилиб, туман ҳокими ва мутасадди раҳбарлар муаммо ва камчиликларни имкон қадар бартараф этиб келмоқда.
Халқ қабулхонасида ўтказилган навбатдаги қабулда бўлганимда, кўпгина воқеликларнинг шахсан гувоҳи бўлдим. Очиғи, мени фуқароларнинг ўй-ташвиши, мурожаатларидан кўра уларнинг муомала маданияти кўпроқ ўйлантирди.
Муҳтарам Президентимиз барча раҳбарларга “Халқ билан яқин бўлинглар, уларни ичига ўзингиз кириб бориб, дардига қулоқ тутинг”, деб ҳар доим айтиб келаётгани айни ҳақиқатдир. Раҳбарлар бу топшириқларни давлат сиёсатига бўйсунган ҳолда бажаришмоқда. Аммо аҳоли-чи, бундан тўғри фойдаланаяптими, раҳбарга мурожаат этганда ҳеч бўлмаса ҳурмат юзасидан муомала қиляптими? Афсуски, йўқ.
Замонимиз жадал, ҳар биримиз орзуларимиз тезда амалга ошишини истаймиз. Шунинг учунми, ота-боболаримизнинг сабр, қаноат деган ҳикматли сўзларини бироз унутиб қўйдик. Қийинчиликлардан, ҳалол меҳнат қилишдан кўра осон йўллар билан мақсадимизга етишишга, боқимандаликка ўрганиб қолаётгандекмиз...
Олдимизда турган кичик муаммоларниям ҳокимга айтиш, уларни кимларнингдир ҳомийлиги остида бартараф этиш, энг муҳими, халқнинг олдида “дардини достон қилиш” уят, назаримда. Фикрларимнинг исботини қуйида батафсил баён этаман.
Халқ қабулхонасида жойлашган кичик зал. Залга кириб боришингиз билан ҳоким қабул ўтказяпти деб эмас, жанжал бўлаяпти деб ўйлайсиз. На тартиб бор, на интизом. Йиғилганлар бир-бирига навбат бермай гапиришяпти. Уларнинг дардини тинглаш у ёқда турсин, тинчлантиришнинг ўзи катта муаммо. Ҳар тарафдан тинчланишга бўлган даъватларга бирор кимса парво ҳам қилаётгани йўқ.
Оддий мисол, боғча боласигаям: «Муассасамизга текширувга келишяпти, жим ўтиринглар», деса, текширувчилар келиб-кетганча тартибли бўлиб ўтиришади. Мактабда ҳам шундай. Бу ерда йиғилган кимсалар кап-катта одамлар, ёшлар деярли кўринмайди. Аммо тартиб деган сўз буларнинг луғатида йўқлиги аниқ! Энг ёмони, мурожаат қилаётганлар орасида ҳақиқий ёрдамга муҳтож инсонни учратиш қийин...
Бир опанинг мурожаатини зимдан кузатдим.
- Уйим йўқлиги сабабли кўчада ётиб юрибман, - дейди опа. - Менга ҳозироқ ёрдам қилишингиз шарт!
Ҳоким: - Мурожаатингизни кўриб чиқамиз, одам юбораман, аҳволингизни тўлиқ ўрганиб чиққандан кейин, керакли ёрдамни қиламиз, - деди.
Аммо опа бу гапни эшитишниям истамади.
- Унгача мен нима еб-ичаман, мени ким боқади? - дейди.
- Ишга лаёқатли экансиз, ишга жойлаштириб қўямиз, ҳали пенсиягаям анча бор экан, - деса, ойлик олгунимча, нима еб-ичаман дейди.
Биров ўз жигари унга тегишли ерни ўзига расмийлаштириб олганини гапирса, биров ака-ука битта ҳовлида муроса қилмаётгани, кимдир бировнинг алдовига чув тушиб, еридан айрилгани ҳақида гапиряпти.
- Кечагина шифохонадан чиқдим, яна ётиб даволанишим учун шифокорлар дори-дармон билан таъминламаяпти, - дейди бир опа. Орада порахўрлик, шифокорларнинг пул талаб қилиши ҳақидаги мулоҳазаларини ҳам тиқиштириб ўтяпти. Кимлигини айтиш талаб этилганда эса, гапини йўқотиб, умумий мисоллардан фойдаланишга ўтди.
Кимнингдир дарди тингланаётган вақтда қолганлар ҳам ўз фикр-мулоҳазасини айтишдан тап тортишмаяпти. Шунчаки эмас, овозларининг борича баён этишяпти.
Энг ёмони, мурожаатлари ўрганилиб, ёрдамга эҳтиёжи йўқ деб топилган баъзи бир кимсалар “мақсадига эришолмагач”, таҳдид қилиб чиқиб кетишяпти...
Кўрганларимизнинг ҳаммасини баён этишнинг кераги йўқ. Ҳокимнинг ҳам бошқа мутасадди раҳбарларнинг ҳам кундалик топшириқлари, бажарадиган ишлари шундоғам қалашиб ётибди. Улардан ортиб, халқ дардини тинглаш учун вақт ажратганда, айтаётган муаммоларимиз уларнинг қимматбаҳо вақтини ўғирлашга арзийдими, йўқми деб ўйлашга фурсат етмадими?!
Сўзимнинг бошида муомала маданияти ҳақида гапиргандим. Мен бу масалада кимлар масъул эканлигини ҳалигача тополганим йўқ. Мактабми, маҳаллами ёки уйда олинаётган тарбияларнинг маҳсулими булар?!
Дилноза АҲРОРОВА.