Дунёдаги энг қиммат ОТМлар: Энг бой университетлар қаерда жойлашган?
Ўйлаб кўрганмисиз, қайси университет дунёда энг қиммат, улар қаерда жойлашган ва бундай олий таълим муассасалари ҳақиқатан ҳам ёшларга яхши таълим бера оладими?
Ечим топиш учун биз энг қиммат университетларни, уларнинг ўртача ўқиш тўловлари харажати ва талабаларига тақдим эта оладиган имтиёз ва истиқболларни кўриб чиқдик. Бугун аксарияти АҚШда жойлашган дунёдаги энг қиммат ОТМлар билан танишасиз.
Ҳарви Мадда коллежи
Ушбу муассаса дунёдаги энг қиммат олий таълим муассасаси ҳисобланади. Коллеж 1955 йилда ташкил этилган бўлиб, талабаларга табиий ва аниқ фанлар, IT ва информатика йўналишига эътибор беришни таклиф қилади. Бундан ташқари, битирувчи анъанавий равишда биология, фармацевтика ва генетик муҳандислик бўйича кучли мутахассис бўлиб етишади.
Талаба йилига ўртача 80 000 доллар атрофида белгиланган харажатнинг 44 000 долларини турли стипендиялар, грантлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар, шу жумладан ОТМ олдидаги махсус хизматлари орқали қоплаши мумкин. Қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган муҳтож талабалар учун ҳам имтиёзлар мавжуд.
Жон Хопкинс университети
Ўқиш учун йилига 69 000 доллар тўлов белгиланган ушбу нодавлат илмий-тадқиқот коллежи рўйхатимиздаги иккинчи ўринни эгаллайди. У қулликка қарши курашган савдогар Хопкинс шарафига номланган ва унинг ҳомийлиги асосида 1876 йилда пайдо бўлган.
Бу ерда биомуҳандислик ва ахборот технологиялари соҳасида кучли билим берилади, сайёрадаги энг яхши IT-хавфсизлик факультетларидан бири ишлайди. Иқтидорли талабаларга ёрдам бериш учун мўлжалланган ўқув тўлови улушини 70 фоизгача камайтирадиган пухта ўйланган стипендия тизими жорий қилинган.
Колумбия университети
Америкадаги энг қадимги университет 1754 йилда Британия қироли Жорж II ҳомийлигида асос солинган. ОТМ қитъадаги магистр даражаси беришни бошлаган биринчи университет ҳисобланади.
Бу ердаги ўртача нарх ёрлиғи 66 400 долларни ташкил қилади. Бунинг эвазига университет асосан ижтимоий ва табиий фанлар, шунингдек, иқтисод ва бизнес жараёнлари бўйича турли таълим йўналишларини таклиф этади.
Чет элликларга ўқиш харажатларини тўлиқ қоплайдиган ёрдам ва курс давомида ишлаб пул топиш таклифлари берилади. Кўпинча тўловсиз, аммо келажакда Американинг IT секторидаги йирик корпорацияларда иш билан таъминлаб берадиган кўплаб стажировкалар мавжуд.
Сара Лоуренс коллежи
Ушбу муассаса 1923 йилда аёлларнинг ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида ўсиши учун имкон бериш мақсадида ташкил этилган.
Йилига 65 000 доллар нарх кўрсаткич билан либерал таълим сиёсатини кутиш қийин, бироқ талабаларнинг 75 фоизи Лоуренс стипендияси олувчиларидир. Турли грантлар, имтиёз ва тўловлар ўқиш нархини мақбул даражага, йилига 15 000 дан 20 000 долларгача тушириши мумкин.
Бошқа жойларда-чи?
Сайёрадаги энг қиммат университетлар орасида Ватерлоо коллежи, Йорк ва Вест Тринити каби Канада университетлари бор.
Европада эса биринчи навбатда Англия ва Шотландиядаги Оксфорд, Кембридж, Данди, Абердин ва Глазго университетлари етакчи. Айтиш жоизки, қитъада таълимга ёндашув бошқача – бу университетлар нарх кўртасткичи АҚШдагига қараганда анча пастроқ, стипендиялари эса анча юқори.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.