Энг ғайриоддий почта жўнатмалари
Почта орқали қор жўнатиш мумкинми, ҳимоячи пулини тежаб олмосни қандай етказиб берса бўлади ва одамлар кимга гўнг жўнатган? “Моя планета” сайти ишониш қийин бўлган почта жўнатмалари ҳақида сўзлайди.
Иссиқ юртларга: Хамелеон
1954 йилнинг декабрь ойида Флорида штатининг Орландо шаҳридаги почта бўлимига посилка келди. Ундаги мактубда шундай ёзилган эди: “Ҳурматли жаноб, мен сизга хамелеонимни юборяпман, чунки мен Огайо штатининг Фостория шаҳрида яшайман ва бу ердаги иқлим хамелеон учун совуқлик қилади. Илтимос, уни ташқарига қўйиб юборинг. Ҳурмат билан Девид Р.С. Ҳаммаси жойида бўлиши биланоқ менга хабар беринг, мен ундан жуда хавотирдаман”.
Яшикни очиб кўрган почтачи, буни ҳазил деб ўйлади. Негаки, қути бўш эди. Кейинчалик у хамелеоннинг ҳарорат, ёруғлик даражаси ва бошқа омилларга қараб рангини ўзгартириш қобилиятини эслаб, диққат билан қаради. Ҳақиқатан ҳам пастда хамелеон бўларди. Бир неча кун ўтгач, куйинчак Девид жавоб хати олиб, қуйидагиларни ўқиди: “Ҳурматли Девид, кеча хамелеонингизни қабул қилиб олдим ва дарҳол уни почта бўлими яқинидаги майсазорга қўйиб юбордим. Сизга энг яхши тилаклар тилаб қоламан. Кичик почтачи Л.А.Брайан”.
Қатра-қатра йиғилиб... Банк биноси
Энг оғир буюртмани 1910 йилларда АҚШнинг Юта штатидаги Вернал шаҳри почтачилари қабул қилган. Маҳаллий тадбиркор Уильям Колтарп шаҳарга банк қуриш керак деган қарорга келди. Бироқ муаммо туғилди: энг яқин ғишт заводи бўлган Солт-Лейк-Сити шаҳри 200 километрдан ортиқ масофада жойлашган ва етказиб бериш нархи ғишт нархидан тўрт баравар қиммат бўлиб чиқди. Уильям миясига эндигина яратилган почта хизматидан фойдаланиш фикри келди. У харажатларни ҳисоблаб чиқди ва ҳақиқатан ҳам шундай қилса, арзонроқ чиқишига ишонч ҳосил қилди.
80 000 дона ғишт қутиларга ётқизилиб, қисмларга бўлиб жўнатишга тайёрланди. Заводдан кунига 40 тагача жўнатма олиб келинарди ва уларнинг ҳар бири дастлаб Вернал почта бўлимида рўйхатдан ўтарди. Навбатдаги қутини кўрган ишчилар бошларини чангаллай бошлади. Шунга қарамай, буюртма бажарилди. Аммо кўп ўтмай битта қабул қилувчига кунига 91 килограмдан ортиқ жўнатма юбориш тақиқлангани тўғрисидаги қоида жорий этилди.
Айтганча, бу бино ҳозиргача сақланиб қолинган ва унда 1974 йилдан буён Zions Bank филиали фаолият юритиб келмоқда.
Уйимизда қиш: Қор жўнатмаси
Америкликлар ва инглизларда қор сотиб олиш хизмати бор. Ҳа, ҳа, АҚШ ва Буюк Британияда компаниялар қишни шундоққина уйингизга етказиб беришади.
Қор иссиқлик изолятори бўлган пенополистиролдан қилинган қутиларга жойлаштирилиб, муҳрланади. Бундай жўнатманинг нархи вазнига қараб белгиланади. Масалан, 15 килограмм қор учун тахминан 200 доллар тўлаш керак. Етказиб бериш манзилнинг узоқлигига қараб, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам 18 соатдан ошмаслик шарти билан фақат мамлакат ичида амалга оширилади.
Норозилик кайфияти: гўнг
2003 йилда Янги Зеландия фермерлари қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари чиқарадиган газлар учун мамлакат солиғига қарши оммавий норозиликларини билдириб парламент аъзоларига гўнг солинган жўнатмаларни юборишган. Вазиятга почта ходимлари касаба уюшмаси аралашди. Уларнинг айтишича, бундай жўнатмалар почтачилар соғлиғига таҳдид солади. Полиция эса жиноят исботланса, жиноий иш очишга ваъда берди. Бу муаммо почтачиларга қўлқопдан фойдаланиш тавсияси билан тугади.
Қўриқчи пулини тежаб... Олмос
Қимматбаҳо тошлар дўкондори Гарри Уинстон 1958 йилда асли келиб чиқиши Ҳиндистондан бўлган, тарихи афсоналарга бой ва француз императори Людовик XIV эгалик қилган 45,52 каратлик “Хоуп Олмос”ини сотиб олган. Коллекциячи ўша йили уни Смитсон институтига совға қилишга қарор қилди ва бу учун ғайриоддий йўл – почтани танлади. Тўғри-да, хазина излаб топиш ниятида жўнатмани очиб кўриш кимнинг ҳам хаёлига келарди? Уинстон почта хизмати учун бор-йўғи 2,44 доллар тўлади, бу қўриқчилар хизмати пулидан анча арзон. Лекин ҳар эҳтимолга қарши пакетни 1 миллион долларга суғурта қилди. Бахтига почтачи ушбу жўнатмани бешикаст манзилга етказиб берди.
Ҳозирда ушбу олмос Смистон институти Табиий тарих музейининг асосий экспонати ҳисобланади ва унинг нархи 100 миллион долларга баҳоланади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.