Ер тўғрисидаги қизиқарли фактлар
Сайёрамиз Қуёш тизимидаги ҳаёт мавжуд бўлган ягона ажойиб ва бетакрор сайёрадир. Коинотда айланиб турадиган ушбу катта тош бўлаги ҳақида ҳар доим янги нарсаларни ўрганиш ва кашф этиш имконияти бор, шу сабабли сизга Ер тўғрисида ҳайратланарли фактларни тақдим этмоқчимиз.
Кўпчилик Ер Қуёш тизимидаги ҳаётни қўллаб-қувватлайдиган атмосферага эга бўлган ягона сайёра эканлигини билади. Лекин Ер юзасида тоғлар, тошлар ва ҳоказолари бор тўртта сайёрадан бири эканлиги кўпчилик билмаса керак. Венера, Марс ва Меркурий бу гуруҳнинг қолган уч сайёраси.
Ажабланарлиси, Ернинг катта қисми ўрганилмаган. Ер юзининг тахминан 71 фоизи сув билан қопланган ва океанлар ҳам жуда кам ўрганилган. Шунга қарамай, Ердаги чучук сувнинг 68 фоизи тоғлар ва музликларда муз қатламлари шаклида доимий равишда сақланиб туради.
Ер бутунлай думалоқ эмас, доимий айланиш туфайли бироз шакли деформацияланган. Ҳозирда биз макетларда кўришга одатланиб қолган шакл бироз текисланиб қолган.
Ҳозиргача Ер юзида қайд қилинган энг қаттиқ зилзила 1960 йил 22 майда Чили жанубидаги Вальдивия шаҳри яқинида содир бўлган. У “Буюк Чили зилзиласи” номини олган ва кучи 9,5 баллни ташкил этган.
Антарктида метеоритларни топиш учун энг яхши жойлардан биридир. У ердаги қорнинг кўплиги ва ўсимликларнинг йўқлиги туфайли уларни топиш жуда осон.
Ернинг магнит қутблари доимий ҳаракатланишда. Улар илгари ҳам, ҳозир ҳам силжиб туради ва охир-оқибат ўз жойларини тескари томонга ўзгартиради, кейин яна ўз жойига қайтади.
Ерда қайнаб турадиган дарёлар бор. Перу ўрмонларининг Майантуяку минтақасидаги узунлиги 6 километрдан ошадиган Шанай-тимпишка дарёси сувининг ҳарорати 91°Сга етади ва баъзи жойларда у чиндан ҳам қайнаб туради. У ерга йиқилган кишининг ҳалок бўлиши тайин.
Ернинг турли (камида 30) жойларида куй таратадиган қумтепалар бор. Бу куй асаларининг ғувиллаши ва роҳибларнинг ҳайқириғига ўхшайди. Бунинг сабабини билиш барчага қизиқ бўлса керак, лекин ҳозиргача ҳеч ким аниқ била олмаган.
Ерда ҳар куни кечқурун момақалдироқ бўлиб турадиган жой бор. Венесуэланинг шимоли-ғарбида Маракайбо кўлига қуйиладиган Кататумбо дарёси устида ҳар куни момақалдироқ ўн соат давом этиши мумкин ва дақиқада ўртача 30 га яқин чақмоқ бўлади.
Ҳар йили сайёрамизга кислород, никель, темир, углерод ва бошқа элементлардан иборат 40 минг тонна космик чанг тушади. Том маънода бу сайёра у билан қопланган космик чангдир. Бундоқ ўйлаб қарасангиз бу жуда ғаройиб, шундай эмасми?
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.