Эронда иккинчи намойишчи қатл этилди, мамлакатга қарши санкциялар кучайтирилади
Бир ҳафта ичида Эрон деярли уч ойдан бери мамлакатни ларзага келтирган норозилик намойишларининг иккинчи иштирокчисини қатл қилди.
Мажид Ризо Раҳнавард шимолий Машҳад шаҳрида “Худога қарши уруш олиб боргани” учун ўлим жазосига ҳукм қилинганидан кейин омма олдида осилган эди. Йигит икки хавфсизлик ходимини ўлдиришда, яна тўрт нафарини жароҳатлашда айбланган ва у буни тан олгани айтилганди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ОАВ саволларига жавоб берар экан, воқеа ички масала эканини айтган.
Унинг сўзларига кўра, аҳолининг намойиш ўтказишга тўлиқ ҳаққи бор, лекин бу намойишчи эмас, балки исёнчи эди.
Қатллар халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди ва улар ўз навбатида Эронга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёр.
"Мен Эрон ташқи ишлар вазири билан узоқ суҳбатлашдим. Биз қатллар ҳақида гаплашдик. Европа Иттифоқининг хавотири ва қатлга қарши эканини билдирдим, шунингдек, бугун қабул қилинадиган санкциялар ҳақида маълум қилдим", деган Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Боррелл.
Ҳукуматга қарши намойишлар сентабрь ойи ўрталарида ҳижобни нотўғри кийгани учун ҳибсга олинган Маҳса Амини ўлимидан сўнг бошланган.
Бир қанча нодавлат ташкилотларга кўра, намойишларни зўравонлик билан, бешафқатларча бостиришда 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Ўтган ҳафта биринчи маҳбус, хавфсизлик кучлари ходимларига ҳужум қилишда айбланган 23 ёшли йигит қатл этилган бўлса, фаолларнинг айтишича, ёпиқ суд мажлисларида 10 дан ортиқ одамни ўлим жазоси кутмоқда.