Эронда олти ой ичида иккинчи спортчи қатл этилди

Эроннинг Дизфуль шаҳридаги қамоқхонада 30 ёшли курашчи Меҳди Али Хуссейний қатл этилди. Бу ҳақда Эрон миллий қаршилик кенгаши NCRI хабар қилмоқда.

Ҳукумат Хуссейнийни 2015 йилда оммавий муштлашув пайтида бир кишини ўлдиришда айблаган. Жабрланувчининг оиласи уни афв этишдан бош тортганлиги сабабли унинг ўлим ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Эрон курашининг қаҳрамони, Олимпия ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатларининг олтин медали совриндори Ҳамид Сурян жабрланувчи оиласига Хуссейнийга раҳм-шафқат сўраб мурожаат қилди, аммо бу ҳеч қандай натижа бермади.

Олимпия ўйинларида курашни назорат қилувчи United World Wrestling (UWW) спортчининг вафоти муносабати билан баёнот берди. Хусусан, матнда Хуссейни миллий ёки халқаро турнирларда иштирок этмагани, фақат минтақавий мусобақаларда қатнашгани айтилган. UWW ушбу вазият ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмагунча, ҳукм ижроси ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

Бошқа бир эронлик жангчи - 27 ёшли Навид Афкари 2020 йил сентябрь ойида қатл этилди. У 2018 йил ёзида норозилик намойишларида қатнашган, қотилликда айбланиб ҳибсга олинган. Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари унинг жиноятига иқрор бўлиши қийноқлар натижаси эканлигини ва спортчи сиёсий сабабларга кўра қатл этилганини таъкидламоқда.