Фарҳод шаҳарчаси қишга тайёрми?

Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларининг бориши билан танишиш мақсадида Фарҳод шаҳарчасида бўлдик.

Шаҳарчада 33 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, барчаси 2018-2019 йилларда “Обод маҳалла” давлат дастури асосида таъмирланган экан. Аммо ҳалигача қурилиш корхоналари томонидан айрим уйларни таъмирлаш ишлари якунига етказилмаганига гувоҳ бўлдик.

Хусусан, “Капитал делта сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли икки қаватли 3-, 7-, 8-, 11-уйларда бир хил муаммо кузатилди, яъни сифатсиз таъмирлангани боис, фасад қисмидаги сувоқлар қўпорилган. Бизга маълум қилишларича, бу уйларни “Самарқанд гарнет строй монтаж” МЧЖ амалга оширган.

– Ширкатда яқинда иш бошладим, ҳали қурувчилар ишини қабул қилиб олганим йўқ, - дейди “Капитал делта сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Рустам Эргашев. - “Самарқанд уй-жой таъмир” ДУК томонидан ҳудуддаги тўрт қаватли 30-, 31-уйларнинг олд қисмида бетон қопламалар ётқизиш, совуқ сув ва оқова сув қувурларини алмаштириш, ертўла ва хонадонларга кириш йўлакларини таъмирлаш охирига етказилмади. Бунинг сабабини сўрасам, қурувчилар “ажратилган маблағ бу ишларни амалга ошириш учун етмади”, деб айтишди.

Бунёд маҳалласидамиз.

-  60-уй “Самарқанд уй-жой таъмир” ДУК томонидан таъмирланди, - дейди “Бунёд замин” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Собир Очилов. -  Асосий муаммо уйларнинг ирригация тизимини янгилаш якунланмасдан қолганида. Шунингдек, ертўла қисми оқланмади, электр шитлари, йўлаклар таъмирланмади ва кириш эшиклари замонавийсига алмаштирилмади. Том қисмидаги мўриконлар ичкарида қолиб кетди. Бундан ташқари, “Шуҳрат” хусусий корхонаси томонидан 57-, 58-, 59-, 61-уйларнинг ирригация тизими чала ҳолатда қолди ва уй олдига бетон қопламаси тўлиқ ётқизилмади. Иккала қурилиш корхонасига 990 миллион сўм берилган бўлса-да, маблағ етмади дея ишлар якунланмади. Шу сабабли уйларни ҳали қабул қилиб олмадик.

  Ширин маҳалласида ҳам юқоридаги сингари бир қатор муаммоларга дуч келдик.

-  Икки қават, 24 хонадонли 1“А”, 3 “А”-уйлар ҳамда тўрт қават, 48 хонадонли 2“А”-уйлар “Самарқанд уй-жой таъмир” ДУК томонидан таъмирланди, - дея гапида давом этди ширкат раиси С.Очилов. – Сметада бу уйларнинг таъмири учун 1 миллиард 180 миллион сўм кўрсатилган бўлиб, шундан 440 миллион сўм “Самарқанд уй-жой таъмир” ДУКга берилди. Ажратилган маблағ етмагани сабабли корхона томонидан қўшимча 260 миллион сўм сарфланди. Аммо қурилиш корхонасига маблағ ўтказиб берилмагач, 1 “А”- уйнинг оқова тизими янгиланмасдан қолди. Болалар майдончаси қурилмади, уй олдига ўриндиқлар ўрнатилмади. 1“А” ва 3 “А”-уйлар сифатсиз таъмирлангани боис, деворлари нураб кетган.

Шунча маблағ сарфланиб, таъмирланган уйлар икки йилга етмай ачинарли аҳволга келиб қолган. Таъмирланган 1“А”-уйнинг оқова тизими янгиланмагани боис, ертўла сув билан тўлиб, антисанитария ҳолатида турибди. Ертўладан чиқаётган бадбўй ҳид туфайли аҳоли ертўлага кириш эшигини девор билан ёпишга мажбур бўлган. Аҳолининг айтишича, ўзлари пул йиғиб, уч-тўрт маротаба махсус машинада сувни чиқаришган. Аслида кўп-қаватли уйларда бу ишларни ширкат бажариши керак, аммо шу ҳудудда яшовчи аҳоли негадир ширкатга аъзо бўлишни хоҳламаяпти.

Яна бир гап. Аҳоли Ширин маҳалласи раиси Отабек Йўлдошев фаолиятидан ҳам норозилигини билдирди.

– Маҳалламиз раиси бу ҳудудга келиб, муаммолар билан қизиқмайди, - дейди шу ерда яшовчи Гулсанам Аҳмедова. – Иккинчи гуруҳ ногирониман, ақалли дардимизни сўрамайди, раис нима учун керак унда? Бу каби масалаларни у киши ҳал қилиб бериши керак эмасми?

Фарҳод шаҳарчасида мана 20 йил бўлибдики иссиқлик манбаи ва иссиқ сув йўқ. Аҳоли хонадонини табиий газ ва электр энергияси билан иситишга мажбур бўлмоқда. Уйларга алоҳида иситиш қурилмалари ўрнатилиши ҳақида режа ҳам, лойиҳа ҳам йўқ.

Хуллас, Фарҳоддаги уйларнинг қишга тайёргарлиги мана шундай ҳолатда. Бу муаммолар совуқ кунларгача ечим топадими ёки аҳоли яна қишда иссиқ кунларни кутиб яшайдими? Буни вақт кўрсатади.

Ҳусан ЭЛТОЕВ,

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ,

«Зарафшон» мухбирлари.