G7 давлатлари ТИВ раҳбарлари Навальнийнинг заҳарлангани тасдиқланганини маълум қилди
G7 давлатлари шошилинч равишда Россияни Алексей Навальнийнинг заҳарланишида айбдор бўлган шахсларни аниқлаб беришга ва уларни жавобгарликка тортишга чақирмоқда, дейилган G7 давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг 8 сентябрь куни Давлат департаменти томонидан эълон қилинган қўшма баёнотида.
“Биз, G7 давлатларининг Ташқи ишлар вазирлари Россияни ушбу кўзга ташланувчи заҳарланиш ҳужуми учун ким жавобгар эканини зудлик билан ва тўлиқ аниқлаб беришга, шунингдек, Россиянинг кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция олдидаги мажбуриятларини ёдда тутган ҳолда, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирамиз”, дейилган баёнотда.
Етти давлат Ташқи ишлар вазирлари, Навальнийнинг “тасдиқланган заҳарланишини” максимал даражадаги атамалар билан танқид қилишди.
Ҳужжатга имзо қўйган сиёсатчилар вазиятни “Россияда демократия ва сиёсий хилма-хилликка жиддий зарба”, деб атади.
“Биз, жаноб Навальнийнинг даҳшатли заҳарланиши бўйича халқаро чақириқларга Россия қандай жавоб қайтаришини диққат билан кузатишда давом этамиз”, дея қўшимча қилинган баёнотда.
9 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги G7 давлатлари томонидан юборилган мурожатномага жавоб қайтарди. Вазирлик Москва ҳали ҳам Навальний масаласида Берлинга юборилган сўровномага жавоб олмаганини, шу сабабли Россия томон “зарурий механизмларни ишга тушира олмаётганини” алоҳида таъкидлади.