Гаштак фақат зиёфатхўрликми?

Ёқилғи қуйиш шохобчасида электр ўчиб, бироз кутиб қолдик. Олдинда турган ҳайдовчи танишимни кўриб, ҳол-аҳвол сўраш учун машинадан тушиб бордим. У рулга бошини қўйганча мудраб ўтирарди.

- Ҳа, ошна, кечаси калла яхши "пишмади"ми? - дедим ҳазиллашиб.

У уйқусизликдан қизарган кўзларини зўрға очиб, бошини кўтарди.

- Ассалому алайкум ака, кечирасиз. Жўралар билан гаштак ўйнаганмиз, навбат билан ўтказиб турамиз. Кеча роса ичибмиз, каллам тарс ёрилай деяпти-я! Уйқунинг ҳам тайини бўлмади. Лекин маза қилдик, дўстимиз ароқни импортнийсидан олган экан. - У инқиллаб, базўр машинадан тушиб, саломлашиш учун қўл узатди.

- Суҳбатларинг ҳам роса қизигандир?

- Эй, қанақа суҳбат, ака? - У афтини буриштирди. - Ким нима ҳақида гапиряпти, ким гапириб, ким тинглаяпти, билмайсиз, нуқул алжираб, ароқдан қўй дейишади…

Унга ачиндим, жисмонан ҳам, руҳан ҳам эгилганди. Тўқликка шўхлик, умр эгови бўлган бунақа гаштаклар нимага керак?

Тўғри, гап-гаштак азалий анъаналаримиздан. Унда кундалик турмуш ташвишларидан чарчаган ёру биродарлар, қўни-қўшни маҳалладошлар вақти-вақти билан тўпланиб, чақ-чақлашиб, ширин суҳбат қуришган. Ғазалхонлик, достонхонлик бўлган, куй-қўшиқ тинглашган, ўйин-кулги, аския айтиб, вақтичоғлик қилишган. Бир-бирининг дийдорига тўйиб, ўзаро меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаган. Фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, тўй-маъракалар, одоб-ахлоқ, тарбия, маҳалла муаммоларини биргаликда ҳал этиш бўйича маслаҳатлашиб олишган. Бир сўз билан айтганда, гаштак-гурунглар маънавий эҳтиёж, маърифий-тарбиявий маъно касб этган. Бу азалий одат ҳозирда ҳам давом этиб келмоқда: жўра гаштак, дугона гаштак, курсдош гаштак, ҳамкасб гаштак ва ҳоказо.

Аммо улар аввалги мазмун-моҳиятини йўқотаётгандай. Бунга мақоламиз аввалида мисол келтирдим. Шиддатли тараққиёт замонида яшаяпмиз. Юртимиз тинч, осойишта, тўқчилик, турмушимиз фаровон, ҳар куни бир янгилик, ҳар куни ўзгариш. Вақт учқур, турмуш ташвишлари борлиғимизни шунчалик чулғаб олганки, уларни адо этишга йигирма тўрт соатлик кеча-кундуз ҳам камлик қиляпти. Жисмонан, руҳан толиқасиз, ҳаммасини бир зум унутиб, тин олгингиз келади. Шундай пайтда вақт топиб, дўстлар, қадрдонлар билан ширин суҳбат қуриб, фикр алмашиш, бир қўл шахмат ўйнаш, ўқиган китоб таассуротларини баҳам кўриш, шеър ўқиш, қўшиқ хиргойи қилиш чарчоқларни ёзишга ёрдам беради, маънавий баҳра оласиз.

Афсуски, ҳамма гаштаклар ҳам ана шундай мазмун-моҳият касб этмаяпти. Аксарияти фақат зиёфату еб-ичиш, ортиқча сарф-харажат, исрофгарчилик, олди-қочди ғийбатлар билан ўтяпти.

Руҳшуносларнинг таъкидлашича, дўсту қадрдонлар билан тез-тез дийдорлашиб туриш, янгиликлар, ғоялар билан ўртоқлашиш, оила даврасида китобхонлик, спорт билан шуғулланиш соғлом турмуш гарови экан.

Ҳар кунимиз воқеалар, янгиликларга бой. Бу гаштак-гурунгларда дилкаш суҳбатлар мавзуси бўлиши керак. Бундай давралар дунёқарашни кенгайтириб, кишига жисмонан ва руҳан қувват беради. Эртанги кунга ишончни орттириб, хайрли ишлар, орзу-истакларни амалга оширишга илҳомлантиради.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.