Германияда ҳам ҳашар борми?: Немис маҳаллаларидан нимани ўрганишимиз мумкин?

Шу йилнинг 4-10 июль кунлари “Ханнс Зайдел” жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар ходимларидан иборат делегация Бавария федерал ўлкаси ҳукуматининг давлат ва маҳаллий бошқарувини ўрганиш мақсадида Германияда бўлиб қайтди.

Ушбу делегация таркибида вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов ҳам иштирок этди. Бошқарма раҳбари билан суҳбатимиз Германияда  маҳалла тизими тажрибаси хусусида бўлди.

- Одатда маҳалла тизими фақат бизгагина хос бўлган тузилма деган гапларни эшитганмиз. Бугун маълум бўляптики, бу тузилма Европадаги энг ривожланган мамлакат - Германияда мавжуд экан, - деди И.Жабборов. - Албатта, ҳар бир ривожланган давлат ва жамият энг қуйи бўғиндаги бошқарув тизимининг самарали фаолияти натижасидир. Германияга хизмат сафари давомида хулоса қилдимки, мамлакатнинг бу даражада ривожланишида тўғри йўлга қўйилган ўзини ўзи бошқариш тизими катта роль ўйнаган.

Биз сафар давомида Бавария федерал ўлкаси бошқарув тизими билан танишдик. У ерда биздаги маҳалла тизими каби тузилма бўлиб, бу гемайнде деб аталади. 4 та тузилма, яъни вазирликлар, вилоят, туман ва коммуна маъмуриятидан иборат бўлиб, у 13 та вазирлик, 7 та вилоят, 71 та туман ҳамда 2  минг 56 та коммуна (гемайнде) маъмуриятидан ташкил топган. Бошқарув тизими номарказлаштирилган бўлиб, барча ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш бўйича масалалар бевосита вилоят, туман, шаҳар ва коммуна маъмурияти даражасида ҳал қилинади. Барча бўғиндаги тузилмаларда аниқ функционал чегаралар белгиланган. Масалан, энг қуйи бўғин гемайнде маъмурияти ваколатига ҳудудда қурилиш бош режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, саховат ва қариялар уйларини юритиш, йўлларни қуриш ва эксплуатация қилиш, ичимлик ва оқова сувини таъминлаш, кутубхоналар ишини ташкил этиш бўйича функциялар киради. 

- Бундай катта ҳажмдаги ишлар албатта маълум миқдордаги маблағни талаб қилади. Бавария ҳудудий ўлкасида ўзини ўзи бошқариш органлари ўз бюджети ва бошқарув шаклига эгами? 

- Гемайнде ўз бюджетига эга ва у ўзига тегишли ҳудуддан маълум бир турдаги солиқлар тўлиқ ёки қисман ажратилиши ҳамда ҳукуматдан ажратилаётган субсидиялар ҳисобига тўлдирилади. Ҳар бир гемайндеда иш ҳажми ва бюджет кўламидан келиб чиқиб, 15-30 нафаргача ходим фаолият юритади. Шу билан бирга гемайнде маъмурияти ҳукумат томонидан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, ерларни қайта тақсимлашда кўмаклашиш, ички хавфсизликни таъминлаш каби давлат функцияларини амалга оширади.

Бу жабҳада, айниқса, ўрнак оладиган томонлари кўп. Масалан, бюджет лойиҳаси бевосита коммуна маъмурияти томонидан шакллантирилиши ва тасдиқлаш учун туман маъмуриятининг муниципал ривожланиш бўлимига юборилар экан. Бошқарув тизимининг самарадорлиги ва натижадорлигининг асосий сабаби сифатида барча бошқарув жараёнлари “субсидиарлик принципи” асосида шаклланганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Яъни, бу принципга асосан қуйи даражадаги бўғинларнинг ваколатини кенгайтириш назарда тутилади. Бунда фақат қуйи даражада ҳал қилиб бўлмайдиган масалаларгина юқори даражадаги бўғинларга олиб чиқилиши мумкин.

Биз маҳаллий бошқарув маъмурияти тузилмаси иш фаолияти билан бевосита танишиш мақсадида Швабия вилоятида бўлдик. Аҳоли сони 2 миллиондан ошадиган бу вилоят 10 та туман, 334 та гемайнде маъмуриятидан ташкил топган. Биз бу ердаги Динкельшербен гемайнде маъмурияти фаолияти билан танишдик. Ушбу маъмуриятда 15 нафар ходим ишлар экан. Коммуна маъмурияти солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиши, мустақил равишда қурилиш ишларини амалга ошириши ва харажатларини, ўзининг ички ташкилий тузилмаси ва штатларини тасдиқлаши, шунингдек, савдо солиғи, ер солиғи каби солиқларни ундириши мумкин. Солиқлар ва мажбурий тўловлардан тушган даромадларнинг бир қисми, масалан, даромад солиғининг 15 фоизи, айланма маблағларнинг 2,2 фоизи гемайнде бюджетига ўтказилади. Бундан ташқари, спорт комплекслари, мактабгача таълим муассасалари, кутубхонага аъзолик бадаллари, қурилиш учун рухсатнома бадаллари, сув ҳавзалари учун йиғимлар ҳам гемайнде бюджетига йўналтирилади.

- У ерда маҳалла раислари биздаги каби сайловлар орқали танлаб олинадими?

- Гемайнде раҳбари ҳам худди биздагидек сайлов орқали аҳолининг ўзи танлайди. Биргина фарқи уларда раҳбар узоқроқ муддатга, яъни 6 йилга сайланади. Эътиборли жиҳати, унда бир қанча жамоатчилик асосида фаолият юритаётган уюшмалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан энг йириги ва оммабопи ёнғинга қарши кураш ҳамда спорт бирлашмалари экан. Жамоатчилик асосида фаолият юритаётган бу бирлашмалар айни бир мақсад ва вазифаларни ўз олдига қўйган ҳолда халқ фаоллари томонидан юритилиб, алоҳида нодавлат нотижорат ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтган. Унда хизмат қилаётган кишилар фахрий касб эгаси ҳисобланиб, аҳоли ўртасида ҳурмат-эътиборга лойиқ кўрилади.

- Маҳалла институти ривожланар экан, унда кадрлар муаммоси кўзга ташланади. Бу йўналишда олмонлардан қандай тажриба олиш мумкин?

- Биз Фюрстенфельдбург шаҳрида жойлашган Ўзини ўзи бошқариш коллежида бўлдик. Коллеж бошқарувнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган коммуна маъмурияти раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш, шунингдек, жамоатчилик асосида ишловчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти Бавария ҳукумати, вилоят, туман ва коммуна маъмуриятлари томонидан молиялаштирилар экан. Шу билан бирга, коллежда гемайнде маъмурияти иш юритишнинг умумий тартиби, шаҳарсозликни режалаштириш, кадрлар сиёсати, меҳнат муносабатлари йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилган.

Эътиборли жиҳати, Баварияда кўнгиллилар корпуси ёшликдан бошлаб шакллантирилиши, ёшлар томонидан ўқишга ва ишга киришдан олдин бирор бир жамоатчилик тузилмасида камида бир йил давомида ижтимоий соҳада кўнгиллилик асосида ишлаш амалиёти йўлга қўйилган. Бавария федерал ерида айнан кўнгилли сифатида ишлаш ўқишга ва ишга киришда катта аҳамият касб этади.

- Ушбу тажриба алмашишдан қандай хулосалар қилдингиз, бугун соҳани ислоҳ қилишда татбиқ этадиган жиҳатлари борми?

- Бу хизмат сафари бевосита ушбу тизимда муҳим хулосалар қилишимга туртки бўлди. Ҳатто соҳани ислоҳ қилиш юзасидан бир нечта таклифлар билан қайтдим. Хусусан, бугун маҳаллада фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторларини маҳалла раисларига горизантал бўйсуниши кўрсатилган маҳалла фуқаролар йиғини структурасини ишлаб чиқиб, маҳаллада амалга оширилиши белгиланган вазифаларни умумлаштирган ҳолда маҳалла фуқаролар йиғини низоми, вазифалар тақсимотини ҳукумат қарори билан тасдиқлаш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Шунингдек, уларни ягона мақсадга қаратилган ўқув дастури асосида ўқитиш учун ҳудудий ўқув марказлар ташкил қилиш кутилган самарани беради. Яна бир муҳим томони, Бавария ўлкасининг маҳалла ҳудудидаги инфраструктурани яхшилаш, аҳолининг ишончини оқлаш, фуқаролар эҳтиёжини таъминлаш мақсадида 50 йил олдин бошлаган ва бугунги кунда ўз натижасини бераётган ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, маҳалла тизимини молиявий манбасини яратиш лозим.

Ушбу мамлакатдаги маҳалла вазифасини бажараётган гемайнде ўзини ўзи бошқариш органида бугунги кунда ўз ҳудудидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг даромад солиғи, ер ва мулк солиқларининг маълум қисмини ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллага ўтказяпти. Бу тизим орқали молиявий барқарорлик таъминланиб, фуқароларнинг ишончини оқлаш амалда ўз самарасини беради. Бунинг натижасида Бавариядаги 2 минг 56 та гемайндеда истиқомат қилаётган фуқаролар барча муаммолари бўйича фақат маҳаллага мурожаат қиляпти.

Бу амалиётни бугунги кунда янгидан ташкил қилинаётган ўзини ўзи бошқариш, яъни маҳалла тизимини барча маҳаллаларда тажрибали, малакали иқтисодчилар - ҳоким ёрдамчилари орқали амалга ошириш имконияти мавжуд.