Ҳалол-пок ишлай оласизми?

24 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди.

Обод жой қандай бўлишини барчамиз яхши биламиз. Аниқроғи, ҳар ким ўз дунёқарашича, тасаввурича ва албатта, имкониятига қараб ободликни англайди, шунга интилади. Лекин ҳар қандай киши, аввало, ҳаёт кечириш учун муносиб шароитни истайди. Бу – бошпана, сув, электр энергияси, бор бўлса табиий газ, бўлмаса суюлтирилган газ баллон, йўл, транспорт билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бирламчи бу шароит бўлса, кейин транспорт-коммуникация инфратузилмаси, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, маданият ва дам олиш масканлари ҳақида ўйлайди. 

Кейинги йилларда тилимизда пайдо бўлган ва бугун шаҳарликлардан бошлаб олис қишлоқ ва овуллар аҳолисигача фаол қўллаётган, орзу қилаётган “обод қишлоқ”, “обод маҳалла” деган тушунчалар, дастурлар айнан шу – юртдошларимиз муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган шарт-шароит яратишни ўзида мужассам этмоқда. 

“Манас”дан бошланиб, кейин мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этган бу дастурлар туфайли ҳар бир вилоятда йиллар давомида раҳбарлар, йўлчилар, қурувчилар оёғи етмаган ўнлаб қишлоқлар обод бўлди, аҳолининг яхши яшаши учун зарур бўлган наинки оддий шароит, балки шаҳардагидан қолишмайдиган имкониятлар яратилди. Энди ўша қишлоқ ва маҳаллалар номи олдига “обод” сўзини қўшиб айтишга ҳам одатландик. 

Бу баландпарвоз гап эмас. Қаердаки зарур миқдорда маблағ ажратилиб, белгиланган ишлар тўла-тўкис бажарилган бўлса, шундай шароит, имконият яратилди. Пул берилмай туриб, зўрма-зўраки “ҳомийлик”, дўқ-пўписа билан дастурни бажаришга уриниш эса акс натижа берганини, қурилишлар чала қолгани ёки йилдан-йилга ўтганини ҳам кўрдик. 

Баъзида эса ҳудудларни дастурга киритишда “фалончининг қишлоғи, фалончи туғилиб ўсган жой” деган қараш билан ёндашилиб, ёрдамга муҳтож аҳоли яшаётган қишлоқ, маҳаллалар қолиб кетгани ҳам ҳақиқат. 

Йиғилишда қайд этилганидек, энди ҳаммаси бошқача бўлади: 

- “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига қайси маҳалла ёки қишлоқ киришини маҳаллий кенгашлар белгилайди; 

- туман ва шаҳар ҳокимининг иқтисод, қурилиш ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари зарур маблағлар ва амалга ошириладиган ишларни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, маҳалла раиси билан бирга, ҳудудий кенгашларда ҳимоя қилади; 

- маҳаллий кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари манзилли дастурини тасдиқлайди, қурилиш вазирлиги ҳокимликлар билан бирга уларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга масъул бўлади; 

- дастурларга кирган аҳоли пунктларининг “тиббий харитаси” шакллантирилади; 

- сектор раҳбарлари ўз ҳудудида бажарилаётган ишлар бўйича маҳаллий кенгашлар ҳамда ОАВ орқали аҳолига ҳисобот бериб боради. 

Энг муҳими, бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ишларга мисли кўрилмаган маблағ – 21 триллион сўм йўналтирилади ва мамлакатимиз бўйича 8 минг маҳалла қамраб олинади. 

Энди ҳамма гап ана шу маблағни ўз ўрнида, лойиҳа билан, ҳалол-пок ишлатиб, элга муносиб шароит яратишда. Маҳаллий кенгашлар депутатларининг ҳар бир қишлоқ, маҳалла шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий муаммолари, инфратузилмаси оғир ҳудудларни танлаб, дастурга киритишида. 

Дарвоқе, “ҳалол-пок ишлатиш, ишлаш” жумласи йиғилишда кўп такрорланди. Вазир ва ҳокимлар, турли даражадаги раҳбарларнинг бу борадаги масъулияти, жавобгарлиги эслатилди. Халқнинг давлатдан, раҳбарлардан розилиги, эртанги кунга ишончи кўп жиҳатдан масъулларнинг ҳалол-поклиги, вазифага виждонан ёндашишига боғлиқлигида эканлиги таъкидланди. 

Видеоселектор йиғилишида Пайариқ тумани ҳокими Д.Мусинов ҳам муҳокама этилган масала юзасидан ҳисобот берди. Унинг қайд этишича, бу йил туманга барча манбалар ҳисобидан 83 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда (ўтган йил 24 миллиард сўм ажратилган). 

– Бу маблағнинг 24,4 миллиард сўми “Обод қишлоқ” дастури доирасида асосан республика ва маҳаллий бюджет, 16,7 миллиард сўми тўлиқ республика бюджети ҳисобидан инвестиция дастури доирасида,

5,3 миллиард сўми ичимлик суви ва оқова сув таъминоти дастури ҳисобидан, 14,8 миллиард сўми ички йўллар дастуридан, 10,2 миллиард сўми электр тармоқлари дастури ҳисобидан, 6,2 миллиард сўми туман марказлари ва инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича ажратилади, – дейди Д.Мусинов. – Ушбу маблағни ақл билан ҳисоб-китоб қилиб, ҳалол-пок ишлатишимиз, халқимиз фаровонлигини оширишга йўналтиришимиз керак. Дастурга тушган қишлоқларимизда халқ депутатлари туман Кенгашининг сайёр сессияларини ўтказиб, айнан шу масалаларни муҳокама қилиб олдик, маҳаллалар фаоллари, оқсоқоллар билан маслаҳатлашдик. Ҳозирда туманимизда 65 маҳалла, 210 қишлоқ бор. Ажратилаётган маблағларни тежаб ишлатиш ҳисобига 33 маҳалла ва 56 қишлоқни тўлиқ қамраб оламиз. Жумладан, 69 қишлоқда электр энергияси таъминоти яхшиланади, 30 та янги трансформатор, 2500 дона эски симёғочларни янгисига алмаштирамиз, 121 километр тармоқ тортилади. 28 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортиш ва 5 та сув иншооти ўрнатиш учун ажратилаётган 5,3 миллиард сўм маблағдан мақсадли фойдаланиб, 39 километр тармоқ тортишни режалаштирганмиз. Бошқа соҳалар бўйича ҳам аниқ режа ва мақсадларни белгилаб олдик. 

Йиғилишда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган ишларни ўн кун ичида бошлаш ва жорий йил 1 ноябрга қадар якунига етказиш вазифаси қўйилди. Демак, жараённи биргаликда кузатиб борамиз. 

Ғолиб Ҳасанов.