Ҳар бир ҳудуднинг ўз рейтинг баллари ва индекси бўлади
Бугун дунё миқёсида мамлакатлар тараққиётини белгиловчи 100 дан ортиқ рейтинглар амал қилади. Ўзбекистон улар орасида 24 тасида ўз ўрнини мустаҳкамлаш чораларини кўрмоқда.
Қайд этиш лозимки, бу ҳам кейинги икки йилнинг гапи.
Шу ўринда савол туғилиши табиий - нима учун барча рейтингларда эмас? Негаки, бугунги ислоҳотлар замирида асосан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонун устуворлигини ўрнатиш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
- Халқимиз эртага эмас бугун бахтли яшаши керак, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим, деган тамойил давлат сиёсатининг асосини белгилаб бермоқда, - дейди Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича вилоят Кенгаши раиси Нозир Ибрагимов. – Шу боис айни шу йўналишдаги 25 та рейтингда имиджимизни мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда. Хабарингиз бор, бу борада давлатимиз раҳбарининг фармони қабул қилинган. Қолаверса, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни баҳолаш рейтинглари йўлга қўйилди. Мазкур йўналишда тегишли кўрсаткичлар баҳоланиб, ҳудудлар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудларга ажратилмоқда.
Галдаги масала сиёсий-ҳуқуқий рейтингларни ишга туширишдан иборат. Мазкур йўналишда “Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ҳолатини аниқлашнинг самарали механизмини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Вилоят ҳокимлигида ташкил этилган йиғилишда мазкур қарор асосида йўлга қўйилиши кўзда тутилган янги тизим ҳамда тизимнинг индикаторлари ҳақида маълумот берилди.
- Лойиҳада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ устуворлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилган, - дейди Тошкент давлат юридик университети проректори Ахрор Ҳошимхонов. – Яъни, 7 та индикаторга бирлаштирилган 32 та субиндикатор бўйича рейтинг баҳолаш тизими жорий этилиши режалаштириляпти.
Мазкур индикатор ва субиндикаторларни кўрсатиб берувчи 179 та аниқ мезон мавжуд. Унинг 60 фоизи ёки 109 таси статистик маълумотлардан ташкил топади. Аниқроғи, янги ахборот тизимига 1 февралга қадар 23 та ташкилот томонидан мазкур мезонлар бўйича статистик маълумотлар киритилади.
Қолган 40 фоизи ёки 70 таси жамоатчилик ва соҳа мутахассислари ўртасида ўтказиладиган сўровлар натижасига асосланади. Бунда 1 мартга қадар Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ва “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ахборот тизими орқали 70 та мезон бўйича ижтимоий сўровлар ўтказилади.
Ахборот тизимига киритилган маълумотлар 1 майга қадар умумлаштирилиб, ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси тузилади.
Йиғилишда рейтинг кўрсаткичлар аввало, халқимиз ҳаётини енгиллаштириш, бошқарув тизимини либераллаштириш, давлат органларининг масъулияти ва самарадорлигини оширишга қаратилгани таъкидланди.
- Аввало бу бизга нима беради, деган саволнинг жавобини билиб олишимиз муҳим, - дейди Бош прокуратура ҳузуридаги марказ раҳбари Носир Асқаров. – Жорий қилинаётган рейтинг тизими ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш бўйича реал аҳволимизни кўрсатиб беради. Ўз навбатида, келгуси ишларимизни режалаштиришда аниқ мезон бўлиб хизмат қилади. Негаки, янги тизимда йўлга қўйилаётган индикаторлар вилоят, туман ва шаҳар рейтинг кўрсаткичларини белгилашда инсон омили аралашувига ўрин қолдирмайди.
Масъул идора ва ташкилотлар 2021 йил 1 июнга қадар 2020 йил учун ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индексини аниқлаш ишларини якунлайди ва натижалари эълон қилинади.
Йиғилишда рейтинг тизими баҳо бериш методологияси, уни йўлга қўйиш бўйича саволларга республика ишчи гуруҳи томонидан батафсил жавоб берилди. Қатнашчилар шунингдек, янги тизим, бунга асос бўлиши кутилаётган Президент қарори лойиҳаси юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Ё.МАРҚАЕВ.