Ҳарбий хизматга чақирилувчиларни саралаш августдан бошланади

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган.

Қарорда белгиланишича, 2020 йилги ҳарбий хизматга чақирув мавсуми жорий йил 10 августдан бошланиб, келгуси йилнинг 10 февралигача давом этади. Шу давр оралиғида чақирилувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, уларнинг умумжисмоний тайёргарлиги аниқланади. Бундан ташқари, касбий танлов бўйича синовлар ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилади.

Белгиланган кенгаш аъзолари томонидан ўтказиладиган танлов жараёнларида кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ота-оналар иштирок этишлари мумкин.

Вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси (Ф.Алимходжаев) барча чақирилувчиларга бир хил шарт-шароит яратиб, ошкораликни, ижтимоий адолат ҳамда самарали жамоатчилик назорати амалга оширилишини таъминлайди.

Шунингдек, бошқарма чақирилувчилар ўртасида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва уларга берилаётган имтиёзлар ҳақида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлигининг ҳолатига кўра, ҳарбий хизматга ўта яроқли, деб топилган ва жисмоний тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтган чақирилувчиларни касбий танловга жалб қилишга масъул ҳисобланади.

Қарорда белгиланишича, вилоят халқ таълими бошқармаси (З.Каримов) ўринлар сони 25 нафар чақирилувчига мўлжалланган компьютер хоналари ҳамда етарли миқдордаги жиҳоз ва воситалар, малакали мутахассис-ўқитувчилар ажратади.

Чақирилувчилар ҳар йилги танловда бир марта иштирок этишлари мумкин.