Ҳоким қарори, кадастр, давлат рўйхати бор, аммо уй ноқонуний

- Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир.

- Инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

- Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.

- Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

- Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.”

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 30 апрелда қабул қилинган Конституциясининг 20-моддасидан.

Демакки, эндиликда фуқаро ва давлат ўртасида юзага келадиган тушунмовчиликлар, мулкий муносабатдаги ноаниқликлар фуқаро фойдасига ҳал этилади. Инсон қадрини оширишга қаратилган мазкур моддада давлат ўз фуқаросининг фойдаси учун ён босяпти. Бу фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини оширади, маҳкамаларда узоқ муддатга чўзиладиган низоли масалаларнинг реал ечимига хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, қонун устуворлиги таъминланади. Аммо Иштихон тумани Барлос маҳалласида яшовчи Малика Наврўзова амалда бундай бўлмаётгани, яшаб турган уй-жойи суд қарори билан олиб қўйилаётгани тўғрисида таҳририятимизга шикоят аризаси билан мурожаат қилди. Унда жумладан, шундай дейилади.

- Оиламиз билан меҳнат қилиб, боғ қилган ва яшаб турган уй-жойимиз ҳокимнинг қарори асосида ажратилган, кадастр йиғмажилди тайёрланган, давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтган, шу асосда йиллар давомида солиқларни тўлаб келаётган бўлсакда, суд қарори билан уй-жойимиз ноқонуний, деб топилди, - дейди М.Наврўзова. – Биз очиқ ер майдонида артезиан қаздириб, узумчилик билан шуғулланаётган эдик. Ўтган йили узумларимиз ҳосил бера бошлаганди. Энди меҳнатимизнинг роҳатини кўрамиз деганимизда, уй-жойимиз ноқонуний, деб топиляпти.



Мурожаатни ўрганиш учун Иштихон туманидаги соҳа масъуллари, ИИБ ходимлари билан биргаликда Барлос маҳалласида бўлдик. Маълум бўлишича, Иштихон тумани «Соҳибкор» МФЙ, Болқи қишлоғида жойлашган уй-жойда яшовчи фуқаро Наврўзов Илҳом Абдуғаниевичга қарашли тураржой биноларига бўлган мулкий ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарори қабул қилинган. Унда юқоридаги манзилда жойлашган уй-жойда яшовчи фуқаро Наврўзов Илҳом Абдуғаниевичнинг 1,14 гектар ер участкасини 0,15 гектар қисмини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилсин, дейилган. Ер участкасида жойлашган жами 98,80 квадрат метрдаги биноларга нисбатан мулкий ҳуқуқлари эътироф этиш белгиланган. Шу асосда туман давлат солиқ инспекциясига 1,14 гектар ер майдони ва мол-мулк солиқлари қонунда белгиланган тартибда ундириш вазифаси юклатилан. Қарорга асосан, «Соҳибкор» МФЙ раисига хўжалик дафтарига тегишли ўзгартиришлар киритиш, туман архитектура ва қурилиш бўлимига бош режа талабларига асосан ҳовли-жойдаги қурилишларни назорат қилиш юклатилган. Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Иштихон туман филиалига эса ер участкаси ҳамда биноларни давлат рўйхатидан ўтказиш вазифалари белгиланган. Туман кадастр идораси ходимлари топшириққа асосан уй-жойга кадастр йиғма жилди тайёрлаб, ер участкаси учун алоҳида кадастр рақами берган. Туман ҳокимининг қарори, кадастр йиғма жилди ва фуқаронинг аризаси асосида мазкур ҳужжат 2020 йил 13 февралда туман давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтказилган. Амалдаги тартибга кўра, мазкур ҳужжатлар фуқарога уй-жойини қонуний эгалик қилиш ҳуқуқини беради. Хўш, унда нега орадан шунча вақт ўтгандан сўнг бу муаммо ўртага чиқяпти?

- 2014 йилда қайнотам 15 бош совлиққа шу жойни Қаюм Ҳожи бободан сотиб олган экан, аммо буни ҳозир ҳеч ким исботлай олмайди, - дейди М.Наврўзова. – Шундан сўнг кучимиз етганча кичикрок бўлса ҳам уй қурдик, ток экиб парваришладик, атрофимизга кўчатлар экдик. Уй-жойимиз туманнинг лалмикор ҳудудида жойлашганлиги боис аҳоли асосан ток экиб, узум етиштиради. Шу боис ҳаммага каттароқ майдон берилган. Турмуш ўртоғим қишлоқда мардикорчилик қилади, унинг топган пули билан ҳам рўзғор тебратиш ҳам ток парваришини қилдик. Бир неча йил олдин қайнотам оламдан ўтди, узумларимиз ўтган йилдан ҳосилга кирди. Энди эса фермер келиб, «Бу жой фермер хўжалиги тасарруфида, уйни буздираман», деяпти. Уй қуриб, ток ҳосилга киргунча неча йил ўтди, бир кунда уй қурилиб, кўчатлар кўкариб қолмадику, фермер қурилишларни ҳам, кўчат экиб парваришлаётганимизни ҳам кўриб, билиб турарди. Энди узум ҳосилга киргач, уйни ноқонуний, деб судга берди.

Мурожаатни ўрганиш учун борганимизда Иштихон тумани марказида «Болқи» фермер хўжалигининг собиқ раҳбари, ҳозирда эса иш юритувчиси бўлган Қаюм Тиркашевни учратдик. Ундан мурожаат бўйича маълумот олганимизда «Ер давлатники, қонун нима деса, шу бўлади. Мен қушнинг ҳам уйини бузишни истамайман, уларку ҳали одам, ўша уйида яшайверсин», деганди. Бу гаплардан сўнг мурожаатнинг яхши томонга ўзгаришидан умид қилиб, тегишли масъуллар ҳамроҳлигида айтилган манзилга йўл олдик. Аммо у ерда масала тамоман тескарисига айланиб кетди.

Илҳом Наврўзов мардикорчилик ва устачилик ортидан топган пулига имкониятидан келиб чиқиб, 0,15 сотих майдонда икки хонали уй қуриб, атрофни ободонлаштиргани, мевали манзарали кўчатлар эккани, узум парваришлаб, ҳосилга етишганда суд томонидан уй-жойи ноқонуний деб топилганини баён қилди. Агар узум экилган бир гектар майдон қонунан фермернинг тасарруфида бўлса, майли, олсин, лекин биз бу майдон учун ҳам белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаб боряпмиз, деб солиқ тўловларини кўрсатди. Фақат 0,15 сотих уй-жойим ўзимда қолса бўлди. Бу гаплардан сўнг Қ.Тиркашев уйни ўзи қурганини, шу пайтгача индамаган бўлса ҳам энди уйни буздириш ниятида эканлигини айтди. Кадастр ҳужжатлари ва солиқ тўловларида бу ерлар қонунан И.Наврўзовга тегишли эканлиги кўрсатилган. Бироқ фермернинг ҳужжатларини кўришнинг имкони бўлмади.

- Низоли уй-жойнинг ноқонунийлиги юзасидан судга даъво аризаси киритганимиздан сўнг судьянинг ўзи келиб, майдонни ўрганди, - дейди Қ.Тиркашев. – Бу жой учун алоҳида солиқ тўланмайди, фермер хўжалигининг ери сифатида мен умумий солиқ тўлаяпман.

Бундан кўринадики, битта майдон учун ҳам фуқаро ҳам фермер солиқ тўлаяптими? Ундай бўлса, нега фермер шунча йилдан буён фуқаро, эгаллаб, ток экиб, ҳосилга киргунча даъво қилмаган? Бироқ уй-жой биз ўйлаганимиздек, даланинг ўртасида эмас, аҳоли уй-жойларининг қаторида жойлашган. Мурожаатчиларнинг айтишича, шу атрофдаги аҳоли ҳам уй-жой қуриш учун ерни фермердан олган ва уй-жойлари учун ҳам бир кунда, битта мутахассис томонидан кадастр ҳужжати тайёрланган. Аммо фермер уларнинг ҳам уй-жойларини судга беришдан қўрқиб, ҳақиқатни айтолмайди. Англаганингиздек, ушбу уй-жой Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони асосида мулк ҳуқуқи берилган.

- Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги "Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган тураржойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”  фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори доирасида фуқаролар давлат хизматлари марказига мурожаат қилган, - дейди Давлат кадастрлари палатаси туман филиали бошлиғи Ҳусниддин Остонов. – Қарорда бизнинг идорамиздан ташқари, ер русурслари, туман архитектори, солиқ, «СЭС», экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идораси, ёнғин хавфсизлиги каби 7 та хулоса берадиган комиссия ташкил этилганди. Фуқаро ариза бергандан сўнг кадастр палатаси идорасининг вазифаси жойни ўрганиб, чизмаларни тизимга жойлаштириш, ундан кейин масъул бўлган 7 та ташкилот жойига чиққан ҳолда ўрганиб, беш иш кунида ўз хулосасини беради. Агар ўша ташкилотлардан битта бўлса ҳам салбий хулоса берса, қарор чиқмайди. Демак, масъул ташкилотлар бу уй-жой учун ижобий хулоса берган ва мулк ҳуқуқи бўйича қарор чақарилган. Бу ерда ер русурслари идораси уй-жой жойлашган майдон аҳоли пункти, деб хулоса берилган. Шунга асосан рад этилмаган ва туман ҳокимининг қарори чиқарилган. Давлат кадастрлари палатаси туман ҳокими қарорининг ўзига тегишли қисмини ижросини бажариши лозим. Қарорга асосан кадастр йиғмажилди шакллантирилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. Қарор билан тасдиқланган низомда объект жойлашган ер бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зид келмайдиган жойда жойлашган бўлса ёки қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар тоифасига кирмайдиган ерлар бўлсагина рад этилмаслиги лозим. Бошқа шахслар, фермер хўжалигига тегишли майдонлар бўлса, рад этилиши керак. Ўрганиш хулосаларига кўра бу уй-жой рад этилмаган ва мулк ҳуқуқи эътироф этилган.

Бироқ «Болқи» фермер хўжалиги бошлиғи Ҳ.Тиркашева низоли уй-жой фермер хўжалиги тасарруфидаги 236-контурда жойлашганлиги ва уй-жойга туман ҳокимининг қарори чиқарилганлигини 2022-йил ноябрь ойида билган. Шундан сўнг у уй-жойни ноқонуний ва туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судга ариза берган.

Самарқанд туманлараро маъмурий судининг 2023-йил 2-майда бўлиб ўтган суд мажлисида туман ҳокимининг 2019 йил 11 июлдаги 5186-Қ сонли қарорини қонунчиликка зид равишда ҳамда аризачи ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган ҳолда қабул қилинган деб ҳисобланган. Ер Кодексига кўра, фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкаси берилади. Ҳокимнинг юқоридаги қарори билан эса мазкур қонун талабларига зид равишда фуқаро И.Наврўзовга 1,14 гектар ер участкасини 0,15 гектар қисмига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарори билан тасдиқланган низом талабларига кўра, мурожаат этувчи талаб этилган ҳужжатлар ва аризани ўз имзоси билан тасдиқлаши лозим. Низоли масалада эса И.Наврўзов оиласини моддий таъминлаш учун бошқа шаҳарга ишлашга кетган вақтда унинг турмуш ўртоғи М.Наврўзова Давлат хизматлари марказига ариза берганлиги кўрсатилган.

Юқоридаги ҳолатлар туфайли суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, «Болқи» фермер хўжалиги бошлиғи Ҳ.Тиркашеванинг аризаси қаноатлантирилган ва Иштихон туман ҳокимининг 2019 йил 11 июльдаги 5186-Қ сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Қонунчилигимизда уй-жойга эгалик қилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлари бўла туриб, суднинг қарори билан бир оиланинг яшаб турган уй-жойи ноқонунийга айланди. Бунга ким айбдор, қонунлар ижросига масъул бўлган идораларми ёки ижрочилар? Бу ҳолат фуқароларда қонунлар, ваколатли раҳбарлар ва ижрочиларига нисбатан ишончсизлик уйғотмайдими? Масъулларнинг айби, хатоси ёки эътиборсизлиги туфайли икки оила (балки яна бошқалар ҳам бордир) ўртасида адоватнинг уйғонишига сабаб бўлди. Бунга мурожаатни ўрганиш чоғида ҳам гувоҳ бўлдик, аммо касб этикаси юзасидан барчасини ёритишни лозим топмадик. Бир оиланинг тинчлиги бузилмаслиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойлари бузилмаслигига умид қиламиз, холос.

Ўктам ХУДОЙБEРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат),
«Зарафшон» мухбирлари.