Иштихонда велосипед бошқариб кетаётган фуқаро ЙТҲ оқибатида вафот этди

2020 йил 13 апрель куни соат 20:00 да Иштихон тумани Суғот маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-53 “Бўронхўжа-Иштихон” автомобиль йўлининг 47 километрида ҳайдовчи, 34 ёшли Б.Р. бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинасида ҳаракатланиб келаётган вақтида, йўлнинг ўнг қисмидан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган велосипед бошқарувчиси, 33 ёшли Д.Э.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Оқибатда велосипедчи тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ 14 апрель куни фуқаро Д.Э. ЙТҲ оқибатида олган тан жароҳатлари туфайли туман шифохонасида вафот этганлиги сабабли жиноят иши ЖКнинг 266-моддаси 2-қисмига қайта малакаланган.

"Ҳурматли фуқаролар Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан карантин вақтида барча шахсий транспорт восита (стикер махсус рухсатнома берилган ва тегишли рўйхатга киритилган автомобиллар бундан мустасно)ларидан фойдаланиш қатъиян ман этилган.

Охирги вақтларда велосипед иштирокида ЙТҲ содир бўлиши кўпайиб бормоқда. Шу сабаб, авваламбор кўчага чиқишдан тийилинг, ҳаёт учун зарур бўлган ҳоллардан ташқарига чиқишдан аввал транспорт воситангиз соз, велосипедингиз эса махсус нур қайтарувчи чироқлар билан жиҳозланганлигига эътибор беринг", дея яна бир бор огоҳлантирди Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.