Журналистика ошкораликни таъминлайдиган тизим. Бугун соҳа ходимлари буни нечоғли оқлаяпти?

Ҳозирги кун журналисти қандай бўлиши керак, ундан нима талаб этилади?

Ёзишда, ёритишда қай жиҳатларга кўпроқ аҳамият қилинади?

Бугунги кун босма нашрларни нима қийнаяпти?

Очиқлик, ошкоралик таъминланяптими?

Шу каби саволларга Сирдарё вилоятида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида ташкил этилган республика  минтақавий семинарида жавоб изланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда уюшманинг Сирдарё вилояти бўлими ҳамкорлигида ўтказилган семинарда Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган оммавий ахборот воситалари ходимлари, уюшма вилоят бўлимлари вакиллари, сирдарёлик ҳакмкасблар жам бўлди.

- Аввало, журналист хоҳ телевидениеда, газетада ёки интернет нашрида фаолият кўрсатсин, у холис ва адолатли бўлиши керак, - деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Шунингдек, ижодкор сифатида эркин фикрга эга, вазиятни тўғри баҳолай оладиган, ўз позициясида тура оладиган бўлиши лозим. Шу каби хислатларга эга журналист ижодкор ўз ҳақ-ҳуқуқларини қаерда, қай тарзда ҳимоя қилишини яхши билади. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шу аслида. Бу борада кейинги пайтда журналистикага оид қонуний ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва амалиётда қўлланиши ҳам албатта уларнинг фаолиятини янада кенгайтирмоқда.

Биз уюшма томонидан барча ижодкорларни қонуний манфаатини ҳимоя қилиш баробарида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ва албатта рағбатлантиришга тайёрмиз. Келгусида нафақат республикамиз, балки хориждаги санаторийларда дам олишлари учун имтиёзли йўлланмалар ажратилади. Бундан ташқари, газеталар қошида ташкил этилган маҳорат мактаблари уюшма томонидан моддий қўллаб-қувватланади.

Шунингдек, тадбирда журналистика соҳасида кадрлар масаласини ҳал қилиш борасида ҳар бир вилоятда маҳорат мактаблари ташкил этилиши кераклиги, бу амалиёт Самарқанд вилоятида аллақачон бошлангани ва кўплаб етук кадрлар етишиб чиққани айтиб ўтилди.

-  Журналистика бу ҳаёт механизмининг мурватидир, - деди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Фармон Тошев. – Чунки ўша мурват буралмас экан, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар очиқланмайди. Бу каби муаммоларни олиб чиқишда албатта журналистдан профессионаллик талаб этилади. Қайсики, материални тайёрлашдан олдин ўша жараённи тасаввур қилиш ва жойига борган ҳолда маълумотлар тўпланиши лозим. Ана шундагина мақола жонли ва албатта ишончли бўлади. Афсуски, баъзида тезкорликни шошма-шошарлик билан алмаштирадиган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Бизнинг касбимизда бу кечирилмайди. Энг муҳими, “Устоз-шогирд” анъанасига амал қилишимиз муҳим. 

Учрашув давомида келгусида ҳар бир вилоятда ижодкорлар уйи қурилиши ва албатта бу уйда уюшма вилоят бўлимлари фаолият олиб бориши, ёш журналистларни тайёрлашда ҳам база яратилиши айтиб ўтилди. Журналист ижодкорлар учун хизмат уйлари ажратилишида уюшма томонидан ҳудудлардаги ҳокимларга хат юборилиши билдирилди. Келгусида бу каби минтақавий семинарлар бошқа вилоятларда ўтказилишига келишиб олинди.

Семинарда иштирокчиларга "Сирдарё матбуоти фидойилари" деб номланган китоб совға қилинди. Уюшма томонидан сирдарёлик бир гуруҳ журналистлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналар фаолияти билан ҳам қисқача таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Ҳусан Элтоев.