Камбағалликдан чиқариш учун имтиёз ёки субсидия етарли бўлмайди

Паст Дарғом тумани Жоулқосим маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Нормўминов биз билан суҳбатда соҳанинг ичида юрган мутахассис сифатида бу бўйича ўз фикрларини билдирди

 - Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият бошлаганингизга бир ярим йил бўлди. Олдингизга қўйилган мақсад ва вазифаларни бугунгача қай даражада уддалай олдингиз?

Очиғини айтганда, бу тузилма ташкил этилиб, соҳадан кадрлар танлаб олинаётганида кўпчилик, шу қатори ўзим ҳам иссиқ ўрнимни совутгим йўқ эди. Ваҳоланки, бу вазифага қўйилган кадрларга етарлича имтиёзлар берилди, аввал ишлаб турган лавозим маошлари сақлаб қолинди. Буни ўша пайтда тузилма мақсад-моҳиятини етарлича англаб етмаганимдан, деб ўйлайман. Йиллар давомида маҳаллаларда иқтисодий ва ижтимоий муаммолар йиғилиб қолган эди. Бевосита давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган тузилма фаолиятидан мақсад халқ ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш, аҳоли муаммоларини ичкаридан ўрганиб, буни бартараф этиш бўлди.

Қолаверса, ҳар қандай янгилик тизимда тезда ўз ўрнини топиб кетавермайди. Тизимда камчиликлар учраётгани, бу, вақт масаласига боғлиқ. Айрим кишилар давлатнинг ижтимоий кўмаги моҳиятини тушунмай, аксинча, боқимандалик кайфиятига тушиб қолишидан ҳам бундай салбий фикрлар юзага чиқяпти. Баъзан эса жойларда ўз ишини яхши билмаган ҳоким ёрдамчилари имтиёзли кредитлар ажратишни мақсадли ва манзилли йўлга қўймагани оқибатида ҳам шундай тушунмовчиликларга дуч келяпмиз.

- Манзилли ва мақсадли кўмак, дедингиз. Буни фаолиятингизда қандай амалга оширяпсиз?

- Бу вазифага ўтганимча туман савдо саноат палатаси раҳбари вазифасида ишлаганман. Ҳозирги ишимда бу менга катта тажриба вазифасини ўтаяпти. Тажриба ва кузатувларим асосида шундай хулосага келдим: фақат имтиёзли кредит ёки субсидия маблағлари ажратиш аҳолини камбағалликдан чиқариш учун етарли бўлмайди. Шунинг учун камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш бўйича энг аввал ишни уларни тадбиркорликнинг турли йўналишлари ва касбларга ўқитишдан бошлаш лозим. Камбағаллик ҳолатларининг келиб чиқиши, биринчи навбатда, доимий ишнинг йўқлиги, яъни ишсизлик, маълумотга эга бўлмаганлик, шунингдек, тадбиркорлик қилиш учун билим ва малакаларнинг етишмаслигидандир. Мисол учун, маҳалламиз аҳолиси орасида камбағаллик ҳолатига тушган оилаларнинг аксарияти уларнинг бирон-бир ишни бошлаши учун шу соҳага қизиқиши ва тушунчаси йўқлигидан келиб чиқяпти. Шу пайтгача тадбиркорликни ривожлантиришга туртки берадиган соҳаларнинг ривожланмаганлиги ҳам бунга сабаб дейиш мумкин. Мақсадни тўғри қўйиб, илм асосида аҳолини тадбиркорлик қилиш бўйича тўғри йўналтира олсак, маҳаллада барча фуқаролар учун иш ўрни ва даромад манбаини яратишга имконият мавжуд аслида.

- Хотин-қизлар ишсизлиги оғриқли масала. Айниқса, чекка ҳудудларда бу ижтимоий муаммоларнинг илдизига айланган.

- Фаолиятимизнинг катта қисми ҳам шу билан боғлиқ. Ижтимоий дафтарларда турган хотин-қизларни тикувчилик курсларида ўқитяпмиз. Кўпинча уйда бичиш-тикиш учун тикув машинкаси олишга субсидия сўрашади. Уйида шундай шароит қилиб бериш ҳам мумкин. Аммо йил давомида қўни-қўшнининг буюртмасини кутиб ўтириб, даромад қилиб бўлмайди. Қолаверса, кам даромадли, аҳоли зич бўлмаган чекка ҳудудларда бундай буюртмалар кўп эмас. Шунинг учун биз асосан ўз бозорига эга бўлган тадбиркорларга кооперация қилиб бериш ва ишбай ҳақ оладиган тармоқ яратяпмиз. Шу мақсадда туман марказида жойлашган тикиш-бичишга мослашган “Бека Чарос” хусусий корхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ижтимоий дафтарларда турган хотин-қизлар уларда қисқа муддатда иш ўрганганидан сўнг маҳаллада корхонанинг филиалини очишни мақсад қилганмиз. Бунда буюртмалар билан тадбиркор шуғулланади, тикувчи ўз иши билан банд бўлади. Яширишнинг ҳожати йўқ, оилавий ажримларнинг кўпи иқтисодий қийинчиликларга бориб тақалади. Шунинг учун оилада аёл киши ҳам ишли бўлса, бундай ижтимоий муаммолар камаяди.

- Имтиёзли кредитлар ҳоким ёрдамчилари кафиллиги асосида бериляпти. Бу масъулият ҳам юклайди, тўғрими?

- Муваффақиятли бизнес режа кредит қайтарилишининг кафолати ҳисобланади. Имтиёзли кредит олмоқчи бўлган фуқародан биринчи навбатда мақсадини сўрайман, тадбиркорлик лойиҳасини кўраман. Тадбиркор бўлиш учун бизнес ғоянинг ўзи етарли эмас. Биргалашиб, баъзан мутахассис жалб қилиб, ишлаб чиқармоқчи бўлган маҳсулотга талабни ўрганиб, олинаётган маблағнинг мақсадли ишлатилишига ишонч ҳосил қилганимиздан сўнг кредит ажратамиз. Оддийгина иссиқхона қуриш учун ҳам аниқ ҳисоб-китоблар зарур. Шунингдек, иссиқхона қилишни мақсад қилган кишида қишлоқ хўжалигида кўникма бўлиши лозим.

Ўтган йил декабрь ойида ишсизлиги сабаб Самариддин Раҳмоновга 24 миллион имтиёзли кредит эвазига томорқасининг 3 сотихида иссиқхона ташкил қилдик. Март ойида помидор экди, ҳозир кунда-кун ора юз, юз эллик килограмм атрофида помидор териб, бозорга сотяпти. Меҳнати ортидан рўзғорини бутлаб, кредитни ҳам ўз вақтида тўлаяпти.

- Фаолиятингизда аҳолида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳам назарда тутилган.  

- Тадбиркорлик истагидаги фуқарони тўғри йўналтириш жуда муҳим. Иш ўрни яратиш мақсадида маҳалламизда фаолият олиб бораётган “Турғун дарвозалари” масъулияти чекланган жамиятига 90 миллион сўм имтиёзли кредит ажратдик. Маҳалладан жой ажратилиб, хомашё олиб берилди. Шундан сўнг бу ерда иш ҳажми ортиб, 5 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бу билан бешта оиланинг қозони қайнай бошлади.

Маҳаллада иш бошлаганимда 18 та тадбиркор фаолият юритар эди. Ҳозирда 74 та якка тартибдаги тадбиркор ва 60 та юридик корхона ишлаб турибди. Буларнинг асосий қисми имтиёзли кредитлар ҳисобидан. Хусусан, 31 та савдо, 20 та саноат, 3 та хизмат кўрсатиш, 3 та қурилиш ва 3 та қишлоқ хўжалик соҳасида корхоналар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўринга эга.  

Маҳалладаги тадбиркорлардан бири Ғиёс Аъзамов 5-6 метр квадрат майдонда биогомус етиштирар эди. Қарасам, ишининг кўзини биладиган киши. Унга оилавий корхона ташкил этишда кўмаклашдим. Ўз ишни қўни-қўшниларга ҳам ўргатди. Ҳозир биогомус етиштиришда туманимизда таъминотчига айланди. Унинг яна бир ҳунарини кенг жорий этдик. 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб, қудуқлар учун бетон деворлар ва уларга мўлжалланган қолиплар тайёрлашни йўлга қўйди. Бу соҳа ҳозирда маҳалланинг асосий драйверига айланди. Кўп хонадонларда қудуқлар учун махсус бетон деворлар тайёрланяпти. Асосийси, тадбиркорнинг фаолиятини ривожлантириш орқали 10 нафар ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди.

Баъзан тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишда ҳудуддаги инфратузилманинг ҳам ўрни муҳим. Чекка ҳудудларда эса бу соҳада муаммолар бор. Бу жабҳага бутунлай боғлиқ бўлган айрим корхоналар маҳалламизда ташкил этилсада, туман марказида фаолият кўрсатишга мажбур бўляпти. Бу муаммолар ҳам ўз вақтида ҳал этилса, аҳолининг яшаш шароити ҳам яхшиланар эди.

 Сулаймон МАРДИЕВ суҳбатлашди.