Камерал назорат орқали фаолиятида камчиликларга йўл қўйган тадбиркорлик субъектлари аниқланмоқда

Камерал назоратни кўзгуга ўхшатсак, асло хато бўлмайди. Чунки кўзгуда асл ҳолат намоён бўлгани каби камерал назоратда ҳам солиқларни ҳисоблаш борасида йўл қўйилган камчилик ва хатоликлар юзага чиқади.

Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан ўтказилаётган камерал назорат асосида фаолиятида камчиликларга йўл қўйган тадбиркорлик субъектлари аниқланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида камерал назорат натижасида давлат бюджетига 120 миллиард 687 миллион сўм  қўшимча солиқлар ҳисобланган. Шундан 89 миллиард 673 миллион 800 минг сўмлик солиқлар ундирилганини қайд этиш лозим.

– Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “Н” масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан камерал назорат тадбирлари ўтказилганда, 2017 йилда жамият томонидан 4-чорак якуни билан тақдим этилган ягона солиқ тўлови ҳисоботида товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан соф тушум 235 004 100 сўм кўрсатилган, – дейди Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси камерал назорат бўлими бошлиғи Ўткир Бўтаев. – Ташқи манба маълумотларига асосан таҳлил қилинганда, жамият банк ҳисобрақамига 2017 йил май-сентябрь ойлари давомида асосий воситаларни сотишдан жами 2 850 000 000 сўм кирим қилинганлиги аниқланди. Натижада давлат бюджетига қўшимча ҳисобланган 85 500 000 минг ягона солиқ тўлови ундирилди.

“O.S” МЧЖ фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар камерал назорат асносида юзага чиқди. Чунончи, корхона таъсисчиси Н.А.нинг 1 813 754 250 сўмлик улуши фуқаро В.Г.га ўтганлиги маълум бўлди. Натижада жисмоний шахсларнинг даромад солиғига қўшимча 217 650 510 сўм ҳисобланди ва бюджетга ундирилди.

“E.O” МЧЖ 2019 йил август ойи қўшилган қиймат солиғи ҳисоботида товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушуми 142 091 000 сўмни ташкил этганини қайд қилган. Бироқ жамият контрагентлар (буюртмачилар, сотиб олувчилар)ининг мазкур давр учун тақдим этган ҚҚС ҳисоботида ушбу корхонадан сотиб олинган товарлар (ишлар, хизматлар) 1 023 779 000 сўм миқдорида кирим қилингани кўрсатилган ва 204 755 000 сўм ҚҚС ҳисобга олинганлиги кузатилган. Натижада давлат бюджетига қўшимча 113 000 000 милион сўм қўшилган қиймат солиғи ундирилди.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.