“Камол эт касбким, олам уйидин, Санго фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ» ёхуд тил миллий ғуруримиз экани ҳақида мухтасар сўз

Ҳар бир халқнинг миллий-маънавий қадриятлари, маданияти, аввало, унинг тилида акс этади. Тил бу – ўтмиш, унда аждодларимиз тарихи, маънавий меросимиз ўз ифодасини топган. Тил бу – бугунимиз, унда ўзбекнинг бугунги кундаги бахти, мустақилликка эришган юртимизнинг дунёнинг энг ривожланган  давлатлари қаторида ўзига хос ўрни  намоёндир. Тил бу – келажагимиз, унда юртимиз келажаги, фарзандларимиз иқболи порлаб турибди.

Юртимиз истиқлоли дастлаб тилимизда акс этди. Кўксига мустақиллик шабадаси теккан юртимизнинг ҳар бир гўшасида ўзбек тили эмин-эркин қўллана бошлади. Бугун тилимиз ривожи учун яратилаётган имкониятларни, ёш авлоднинг тил ўрганиши, китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ишларни кўриб, беихтиёр яқин тарихимизга кўз ташлаймиз. Ўтган асрда она тилимизнинг мамлакатимиз ички ва ташқи муносабатларида, таълим-тарбияда, иш юритишда қўлланиш имкониятлари маълум даражада чеклаб қўйилганлиги, бу эса тилимиз тараққиётига ҳам таъсир кўрсатганлиги, унга бўлган муносабатнинг ўзгарганлиги қай даражада салбий оқибатларга олиб келганлигига барчамиз гувоҳмиз. Буларнинг барчаси ўтмишга айланганлигидан, тарих қатларида қолганлигидан  кўнглимизда шукрона айтамиз. Бугунги кунда юртимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида  ривожланишнинг янги поғонасига қадам қўйди. Бундан икки йил олдин   Президентимизнинг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мав­қеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эълон қилиниши ва унда  ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санасини «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилиш тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлиги она тилимизга бўлган юксак ҳурмат ва эҳтиром натижасидир. Айниқса, юртимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида маъруза қилиши кўксимизга бир олам қувонч олиб кирди.

Бугунги кунда  мамлакатимизда давлат тили тўғрисидаги қонунни тўлиқ жорий қилиш бўйича жадал ишлар амалга оширилмоқда. Муассасаларда иш юритишда қўлланилган ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, кўча-кўйдаги дўконлару умумий овқатланиш шохобчалари пештоқидаги ёзувларнинг тўғри ёзилиши ва номланишида миллий хусусиятларни сақлашга эътибор кучайтирилди. Таълим соҳасида миллий-маънавий қадриятларимизни, она тилимизнинг софлигини асраш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз эканлигини ёшларимиз онгига сингдириш   асосий масала сифатида сиёсий аҳамият касб этди. Шу боис мамлакатимиз таълим тизимининг турли босқичларида ўзбек тилини ўрганиш ва ўргатишга, таълим–тарбияга, китобхонлик маданиятини юксалтиришга эътибор кучайтирилиб, турли тадбирлар ўтказилмоқдаки, бу ёшларимиз тарбиясида, уларга аждодларимиз маънавий меросини ўргатишимизда қўл келмоқда. Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йил халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим тизими олдида турган вазифалар, таълим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, унда мамлакатимиз раҳбари мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиб, бунда мактаб ва ўқитувчиларнинг роли кучли эканлигини таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аждодлар меросини ўрганиш, китобхонлик маданияти ошириш бўйича  амалга оширилаётган ишлар юқорида қайд этилган вазифаларнинг амалдаги ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.  Тилимиз истиқболини белгилашда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги «Ўзбек тили ва адабиёти бўйича фундаментал ва амалий тадқиқотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  муҳим силжиш бўлди. Бу қарорда  тилимизни келажакда кенг кўламда ривожлантириш, меъёр ва қоидаларни ишлаб чиқиш, ижтимоий ҳаётнин барча соҳаси учун аҳамиятли бўлган луғатларни тузиш  ва нашр қилиш каби масалалар белгилаб олинганки, улар тилимизнинг мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида қўлланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Бу борада  таълим соҳасида талабаларга  она тилимизнинг ўзига хос хусусиятлари, маъно нозикликларини ўргатишнинг асосий манбаси Алишер Навоий  асарлари ҳисобланади.  Навоийнинг «Хазойин ул-маоний»,  “Хамса”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, «Маҳбуб ул-қулуб» каби шоҳ асарларида  она тилимизнинг қудрати,  инсон маънавиятини оширувчи муҳим восита эканлиги  ўз аксини топган. Зеро, Навоийнинг “Камол эт касбким, олам уйидин Санго фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ. Жаҳондин нотамом ўтмак биайни, Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ” деган сўзларида буюк ҳикмат яширинганки, у таълим тизимининг  асосий шиори сифатида ёш авлод тарбиясида  муҳим аҳамият касб этади.

                                             Толиб Жўраев,

Алишер Ғаффоров,

СамДУ доцентлари.