«Камолот сари етакла касбим»: Таниқли олим Содиқ Назаров 80 ёшни қаршилади
Содиқ Назаров ўзининг 60 йиллик меҳнат фаолияти даврида талабалар, ўқувчи-ёшлар ва кенг жамоатчиликка мўлжалланган 40 га яқин услубий-илмий, 120 та илмий, 40 дан ортиқ оммавий китоб ва мақолаларни ёзиб, уларда Ўзбекистон тарихининг долзарб масалалари, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда улкан ҳисса қўшган олим.
Таълим масканларида “Ўзбекистон тарихи”, “Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти”, “Сиёсатшунослик”, “Маънавият асослари”, “Оила психологияси”, “Социология” каби фанлардан ёшларга сабоқ бериб, кўплаб услубий қўлланмалар, илмий мақолалар ёзиб, чоп эттириб келган. Бугун улар сони 200 га яқин.
Содиқ Назаров 1944 йил Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. Бошланғич ва тўлиқсиз ўрта мактабни шу туманда, юқори синфларни Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида ўқиган.
1965 йилда Самарқанд давлат университети тарих факультетига ўқишга кирган. 1969 йилда Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида ёш мутахассис, тарбиячи-устоз сифатида фаолият бошлаган. 1983 йилга қадар шу институт тарих кафедрасида ўқитувчи ва кафедра мудири муовини сифатида фаолият олиб борган. 1981 йил олим, тарих фанлари доктори, профессор Мавлон Назаров илмий раҳбарлигида Тошкент давлат университети илмий кенгашида тарих фанлари номзодлиги учун диссертацияни ҳимоя қилиб, фан номзоди, доцент даражасига эга бўлган.
1983 йилдан устоз фаолиятини Самарқанд кооператив институтида давом эттиради. 2005 йилдан академик лицей ижтимоий-гуманитар фанлари, тарих фани ўқитувчиси, кафедра мудири лавозимларида фаолият юритган.
1999 йил декабридан Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти илмий Кенгашида танловдан ўтиб, Ўзбекистон тарихи ва Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти кафедраси мудири лавозимида иш олиб борди.
2008 йилдан 2024 йил мартига қадар Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти академик лицейида директор ўринбосари лавозимида фаолият юритди. 2010 йилда мазкур лицейнинг республикада “Энг намунали академик лицей” деб топилишида Содиқ Назаровнинг ҳиссаси катта бўлди. 2022 йилда академик лицейлар рейтинги даражаси бўйича лицей маънавий-маърифий йўналишда республика академик лицейлари ўртасида 2-ўринда деб эътироф этилди.
Устоз Содиқ Назаровнинг юртимизда таълим-тарбия тизими соҳасидаги ислоҳотларда фаол иштироки Президентимиз, вазирликлар ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан эътироф этилиб, тақдирланиб келинмоқда. Жумладан, 2014 йил октябрда Ўзбекистон Республикаси “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими вазирлиги аълочиси” кўкрак нишони берилган.
Бугун қутлуғ 80 ёшини нишонлаётган Содиқ Назаров яқинлари, шогирдлари ардоғида умргузаронлик қилиб келмоқда. Домла таълим-тарбия йўлида фаолият юритар экан, илмли бўлиш, ҳунар ўрганиш, маънавий комилликка интилиб, ёшларга эзгу инсонийлик туйғуларини ўргатишга интилди. Бу ҳазрат Навоийнинг “Қуёшлиғ истасанг, касби камол эт”, деган ҳикматига монанддир. Устоз шогирдларига ана шу ҳикматни кўп эслатади.