Китоб – улуғ устоз. Ўқимаслик шахс учун ҳам, жамият учун ҳам бахтиёрлик келтирмайди

Рус ёзувчиси Максим Горький ўзининг “Менинг университетларим” асарида “мен ҳаётда нимаики яхши нарсаларга эришган бўлсам, китобдан бир умр миннатдорман”, деганида минг бор ҳақ эди. Дарҳақиқат, инсон камолотида оиладаги тарбия, мактаб ва олий ўқув юртларидаги таълим, жамиятдаги ижтимоий муҳит, ҳаёт сабоқларини инкор этмаган ҳолда баралла айтиш мумкин. Шахснинг маънавий савияси, дунёқараши, онгу тафаккури шаклланишида китоб мутолаасининг ўрни беқиёс. Таъкидлаш керак, китобни ҳеч кимга мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Бунинг учун болани қизиқтириш, китоб ўқишда ота-она, боғча тарбиячиси, ўқитувчи ўрнак бўлиши лозим.

Эсимда, ўтган асрнинг 50-йилларида, тўртинчи синфда ўқиётган пайтимизда янги келган ўқитувчимиз “Ўқиш китоби”даги француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг “Гаврош” ҳикоясини мароқ билин ўқиб бердики, биз қўлимизда шундай ажойиб дарслик борлигини билмаганимиздан ажабландик. Бизнинг қизиқиб қолганимизни кўрган ўқитувчи Лев Толстойнинг “Кавказ асири” ҳикоясини ўқиб берди. Ҳикоя қаҳрамони Жилиннинг жасурлиги, тоғликларга асир тушганда ҳам иродаси синмагани, унинг дўсти Костилиннинг қўрқоқлиги, журъатсизлиги мўрғак қалбимизда ҳаётда ҳақиқий инсон қандай бўлиши ҳақида илк мушоҳада уйғотганди.

Кейинчалик юқори синфда ўқиганимизда рус тили ва адабиёти ўқитувчимиз Нини Федорова, немис тили ўқитувчиси Пошали Усмонлар (жойлари жаннатдан бўлсин) бизни мутолаанинг гўзал ва чексиз оламига олиб кирди. Орадан ярим аср вақт ўтди. Уларнинг адабиётга, китоб мутолаасига қизиқтиришлари шарофати билан ҳамон қўлимдан китоб тушмайди.

Кўп китоб ўқиган кишида юксак инсоний фазилатлар – муомала маданияти, мушоҳада, дунёқараш кенглиги, билимдонлик, юриш-туриш, кийиниш одоби, ўзгалар фикрига ҳурмат билан қараш, тинглаш маданияти сезилиб туради.

Мустақилликнинг халқимизга берган бебаҳо неъматларидан бири шуки, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан китобхонлик, китоб нашр қилиш, кутубхоналарни кўпайтириш, уларни босма ва электрон адабиётлар билан тўлдириш давлат сиёсати, маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди ва бу ўз натижаларини кўрсата бошлади. “Энг ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Ким кўп китоб ўқиган?” ва бошқа танловлар ўтказилаётгани, ғолиблар муносиб тақдирланаётгани, китобхонлик жамиятнинг барча қатламларини қамраб олаётгани кишини қувонтиради. Китоб ўқишга, билимга ташна ёшларимиз халқаро фан олимпиадаларида фахрли ўринларни эгалламоқда.

Китоб мутолааси пойдевори оилада қўйилади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, фарзандларни мажбурлаб мутолаа қилдириб бўлмайди. Оила даврасида китоб ўқиш йўлга қўйилиши ва бунда ота-она ўрнак кўрсатиши керак. Албатта, китоб китобхоннинг ёши, қизиқишига мос бўлиши лозим. Ҳар бир оилада турмуш тарзи, ота-онанинг касби, ижтимоий мавқеи, дунёқараши, маънавий савияси, болаларнинг қайси соҳаларга қизиқиши, мойиллиги, иқтидорига қараб китоблар танлаш ва оила кутубхонасида уларнинг бўлишини таъминлаш муҳим. Бу борада “Ўқитувчи – ота-она” ҳамкорлиги яхши самара беради.

Китоб ўқишга болаликдан меҳр уйғотиш шахснинг келажакда жамиятдаги мавқеини, юксак инсоний фазилатларга эга бўлиши, тафаккур дунёси кенглигини таъминлайди. Кўп китоб ўқиган инсон теварак-атрофга, воқеаларга ҳушёр кўз билан қарайди, ўзининг мустақил фикрига эга бўлади. Ҳар хил бузғунчи оқимларга кўр-кўрона эргашиб кетавермайди. Ҳар қандай мушкул вазиятдан ақл-идрок, тўғри қарорга келиши билан чиқиб кета олади. Касби-кори, ёши, жинсидан қатъий назар мунтазам китоб мутолаа қилиш инсонда ҳаётга, одамларга, Ватанга муҳаббат уйғотади, инсонни тафаккурнинг чексиз ва гўзал оламига етаклаб, умр мазмунини бойитади. Янги ғояларга илҳомлантиради.

Китоб ўқишдан тўхтаган киши фикрлашдан тўхтайди. Бу эса ўша шахс учун ҳам, жамият учун ҳам бахтиёрлик келтирмайди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.