Когонда пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланилганми? Мутасаддилар расмий изоҳ берди
3 октябрь куни айрим интренет нашрларида Когон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига мажбурий тарзда жалб этилганлиги хақида хабарлар эълон қилинди.
Келтирилган ҳолатларнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлигига ойдинлик киритиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш якунларига кўра, тилга олинган жиҳатлар уйдирмадан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлди. Буни мутасаддиларнинг қуйидаги фикрлари ҳам исботлаб турибди.
Жамол Саидов, Когон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби директори:
- Сир эмас, илгари ўқитувчилар қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахта йиғим-теримига кенг жалб этиб келинган. Аммо сўнгги йилларда давлат раҳбарияти, вилоят ҳокимлигининг ўқитувчиларни пахта йиғим-теримига жалб этилмаслиги ҳақидаги топшириқлари барча зиёлилар сингари бизни ҳам жуда хурсанд қилди. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, мактабимиз ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб этиш бўйича ҳеч қандай топшириқ олмаганмиз. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар бу бизга қилинган туҳмат. Мақолада 15-мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳатто 1 октябрь куни ҳам пахта йиғим теримида иштирок этганлиги айтиб ўтилган.
Ваҳоланки, 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилган байрам сайилларида иштирок этдик. Жамоамиз билан мутасадди ташкилотлардан ушбу уйдирмани тарқатганларга нисбатан жавобгарлик масаласини ҳал этишларини сўраймиз.
Амрилло Сафаров, Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи:
- Ижтимоий тармоқларда Когон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига мажбурий тарзда жалб этилганлиги бўйича хабар тарқалганидан сўнг ўзим бошчилик махсус гуруҳ ҳолатни жойида ўргандик. Ўрганишда мактаб жамоаси ва ўқувчиларнинг пахта йиғим-теримига мажбурий тарзда жалб этилганлик ҳолати ўз тасдиғини топмади.
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларга қаратилаётган эътибордан руҳланиб, ёш авлод таълим тарбияси билан доимий тарзда шуғулланяпмиз. Мана, икки йилдирки, бутун мамлакатимизда бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам халқ таълими тизими ходимлари ва ўқувчи-ёшлари пахта йиғим-терими, турли ҳашар ва ободонлаштириш ишларига жалб этилмаяпти. Халқ таълими вазирлиги ва бошқармамиз мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймайди. Соҳада хизмат қилаётган фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда устоз обрўсини ошириш йўлидаги ишларини давом эттирамиз. Қонунчилигимизда белгиланган меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқий нормаларга сўзсиз амал қиламиз.
Баҳрон Қурбонов, Когон тумани халқ таълими бўлими мудири:
- Когон туманидаги мавжуд 22 мактабда 12 минг 63 нафар ўғил-қиз таҳсил олмоқда. Кейинги йилларда Президентимиз томонидан халқ таълими соҳасини ислоҳ қилиш, ўқитувчи ва ўқувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларни ўқиш, ўқитишдан ташқари ҳар қандай кўринишдаги юмушларга жалб қилмаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар таълим сифатини оширишга хизмат қилаётганини ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бугун ижтимоий тармоқларда кенг қулоч ёйган туманимиздаги 15-ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиларининг пахта йиғим-теримига олиб чиқилганлиги ҳақидаги ёлғон хабар нафақат Бухоро, балки бутун мамлакатимиз халқ таълими тизими ходимлари шаънига отилган тошдир.
Когон тумани ҳокимлиги:
- Ижтимоий тармоқларда Когон туманида мактаб ўқувчиларининг дам олиш ва байрам кунлари пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этилаётганлиги мазмунидаги хабарлар юзасидан нафақат таълим тизими ўқувчилари, балки умуман, бюджет ташкилотлари ходимлари ва фуқароларимизнинг бундай кўринишдаги меҳнатга жалб қилиш тўғрисида бирор-бир кўринишда топшириқ берилмаган. Аксинча, барча бюджет ташкилотлари ҳамда мутасадди идораларга пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этилишини тақиқлаш ҳақида ёзма топшириқ берилган.
Бу каби асослантирилмаган ва ҳақиқий ҳолатга мос келмайдиган хабар ва маълумотларни тарқатганлик ҳолати юзасидан тегишли чора кўриш учун прокуратура органларига мурожаат қилинади.
Олиб борилаётган ўрганиш якунлари ҳақида янада батафсил ахборот берамиз.