Коронавируснинг қандли диабети бор кишиларга таъсири тушунтирилди
Мутахассислар қандли диабет билан хасталанган беморларга COVID-19 инфекциясининг салбий таъсири ҳақида тушунтирди. “Science Advances” журналида бу ҳақда илмий тадқиқот чоп этилди.
Вирус организмга келиб тушгач, цитокинлар тизимини фаоллаштиради. Соддароқ қилиб айтганда, иммун тизими ҳужайраларига хавф пайдо бўлганлиги ҳақида сигнал юборилади. Баъзи одамларда цитокинлар жудаям фаол ҳаракатлана бошлайди. Оқибатда цитокин ҳужуми бошланади. Бу ҳолат организмдаги нафақат зарарли, балки фойдали ҳужайраларнинг ҳам нобуд бўлишига олиб келади. Сўнг ички аъзоларнинг ишдан чиқиш жараёни бошланади.
Нима сабабдан баъзи одамларда бундай ҳол содир бўлиши охиригача маълум эмас. Шу масалани ўрганиш учун мутахассислар коронавирус билан касалланган сичқонларга глюкозамин инъекциясини юбориб кўришди. Айнан қондаги глюкоза миқдорининг кўтарилиши цитокинлар ҳужумини вужудга келтириши аниқланди.
Натижада халқаро мутахассислар қандли диабет хасталиги цитокинлар ҳужумини вужудга келтиради, деган ҳулосага келишди. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, шу сабабдан ҳам қандли диабет хасталиги бор беморлар учун коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ўта хавфли.