Краснодарда ҳалокатга учраган юртдошимиз оғир аҳволда Ўзбекистонга қайтарилди

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги берган маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган 5 нафар фуқаро ЙТҲга учради. Оқибатда уларнинг 2 нафари ҳалок бўлган. Уларнинг бир нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. 3 нафар фуқаро эса Темрюк касалхонасига етказилган. Берилган маълумотларга кўра, мазкур фуқароларнинг 2 нафари бироз аҳволи яхшилангач, Ўзбекистонга қайтиб келишган. Бироқ 1985 йил Наманганда туғилган Равшан Тўхтаматов жуда жиддий жароҳат олган бўлиб, унда суяк синишлари, ички аъзоларининг лат ейиши, миясида жиддий жароҳат ҳамда гемотома борлиги аниқланган. “Ётоқ” беморини самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташаббуси билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ўзбекистон фуқароси Равшан Тўхтаматовни юртимизга қайтариш йўлида бирлашди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари самарасида бемор 5 ноябрь куни Ўзбекистонга олиб келинди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Эъзоза Маматовага кўра, Равшан Тўхтаматовга у Ўзбекистонга етиб келгунгача бўлган муддатда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги Бош консуллиги ёрдам кўрсатган, вазиятни назоратга олган.

Маълумотларга кўра, беморнинг Ўзбекистонга қайтарилишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан истисно тарзида Равшан Тўхтаматовга “ётоқ” жой ҳамда унинг ҳамроҳлари учун жами 9 та ўрин ташкилот ҳисобидан ажратиб берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назорат қилувчи ҳамда парвоз пайти унга ҳамроҳлик қилувчи махсус шифокорни сафарбар этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги беморни махсус замбилда Тошкент аэропортидан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига етказган.

Ҳамроҳ шифокорнинг сўзларига кўра, бемор парвоз маҳали ўзини яхши ҳис қилган. Қон босимида ўзгаришлар кузатилмаган.

Беморнинг турмуш ўртоғи барча ташкилотчилардан  миннатдор эканини билдирган.