Маиший техника ишлаб чиқариш цехида йирик ёнғин содир бўлди
Бугун, 10 январь куни соат 00:28 да Сергели тумани, Лутфикор 1-тор кўчаси, 1-уйда жойлашган, “Сергели кичик саноат зонаси бошқариш дирекцияси” ДУК ҳудудида ижарада фаолият юритаётган, “Techno Sirius” МЧЖга қарашли бинонинг 4-қаватида жойлашган маиший техника ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Бино том қисмининг 900 квадрат метр майдони ёнган. Ёнғиндан бинонинг 1000 квадрат метр майдонидаги қурилмалари сақланиб қолинган. Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 00:33 да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 02:20 да қуршаб олиниб, соат 03:40 да ўчирилган.
Ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғиндан инсонларнинг ҳалок бўлиши ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади. Ёнғин жойига 18 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объекти раҳбари ҳамда ходимларини, шунингдек, фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади.