Макроннинг янги режаси: сув сарфини камайтириш ва ундан фойдаланиш учун тарифларни ошириш
Франция иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик хавфи шароитида сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш ниятида. Сувни тежаш миллий режасини президент Эммануэль Макрон тақдим этди. 2030 йилгача иқтисодиётнинг барча тармоқларида сув сарфини 10 фоизга қисқартириш режалаштирилган. Гап суғориш тизимларини такомиллаштириш ва сув таъминоти тармоқларини модернизация қилиш билан бир қаторда, сувдан фойдаланиш учун тарифларни босқичма-босқич ошириш ҳақида бормоқда.
"Энергетикада бўлгани каби, ёзга қадар биз ҳар бир соҳадан сувни тежаш режасини сўраймиз. Яқин кунларда вазирлар бу билан боғлиқ соҳа вакиллари - энергетика, саноат, туризм, дам олиш, қишлоқ хўжалиги вакилларини йиғишади. Бу вазият қандай ривожланаётганини ҳамма билса, ҳар ким ўз масъулиятини ҳис қилса ва саъй-ҳаракатлар биргаликда эканлигини билганимизда ишлайди”, дея иқтибос келтиради "Euronews" Эммануэл Макроннинг сўзларидан.
Макрон шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланишни яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга оширувчи агентликлар учун қўшимча 500 миллион евро ажратилишини маълум қилди.
Февраль ойида Франция яна бир қурғоқчилик даврини бошдан кечирди, бу қишки рекорд бўлди. Ўтган йилнинг ёзи энг иссиқ ва қурғоқчил келганди.