Малайзиянинг йирик тижорат банки Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил этиши мумкин

Ушбу масала Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ва Малайзиянинг "Malayan Banking Berhad" ("Maybank") банки Президенти Хайруссалех Рамли билан учрашувда муҳокама қилинган.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда банк соҳасига инвестиция киритиш, исломий банк ва такафул соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилган.

Ўзбекистонда халқаро рейтинглар ва стандартларга жавоб берадиган банк экотизими шаклланиб бораётганлигини инобатга олиб, "Maybank"нинг мамлакатимизда ўз филиалини ташкил этиш ва маҳаллий етакчи банклар билан молиявий ресурслар ажратиш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишда улкан салоҳият мавжудлиги айтилган.

"Maybank" раҳбари, шунингдек, Ўзбекистонда рақамли банк хизматлари соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари мавжудлигини, бугунги кундаги рақамлаштириш технологиялари икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш учун қулай шароитлар яратишини маълум қилди, дея хабар беради “Дунё” АА.

"Malayan Banking Berhad" 1960 йилда сингапурлик тадбиркор Ху Тек Пуат томонидан ташкил этилган. Банк ҳозирги вақтда дунёнинг 18 та давлатида 2600 га яқин филиал ва тармоқларга эга. Уларда 43 мингда зиёд киши фаолият юритади.

Компания активлар қиймати бўйича Малайзияда биринчи ўринда, АСЕАН давлатлари орасида тўртинчи поғонада туради. Мазкур молия ташкилоти Исломий банк хизматлари бўйича АСЕАН давлатлари орасида энг йирик активларга эга. Банк капитали 28 миллиард долларга баҳоланмоқда.