Меҳнат бозори барпо этиш ортида “яширин ниятлар” эмас, “ибтидоий мардикор бозори”ни йўқотиш, одамларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини кафолатлаш мақсади бор
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Kun.uz сайтида “Самарқандда улкан мардикор бозори барпо этиш истаги ортида қандай ниятлар яширин?” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мазкур мақола юзасидан Самарқанд шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Самарқанд шаҳридаги Садриддин Айний кўчасида бугунги кунда аҳоли орасида “мардикор бозори” деб юритилса-да, аслида йўлнинг транспорт воситалари ва пиёдалар учун мўлжалланган қисмида ҳар куни 3000-3500 киши чиқиб, ўзларига вақтинчалик иш излайди. Бир ёки бир неча кунга ишга ёлловчилар ҳам шу ерга келиб, оғзаки келишув асосида ёлланма ишчиларни олиб кетишади.
Мазкур ҳолат, яъни серқатнов йўлда тартибсиз ҳаракатланиш аввало, бу ерда тўпланадиган кишилар ҳаёти учун хавфли. Қолаверса, транспорт воситалари ва пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли ушбу “мардикор бозори” анча вақтдан буён кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлиб, оммавий ахборот воситаларида ҳам, кенг жамоатчилик томонидан ҳам муҳокама этилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ва вилоят ҳокимлигига ҳудуд аҳолиси, вақтинчалик меҳнатга чиқувчи фуқаролар томонидан бир неча марта мурожаат қилинган.
Ана шу мурожаатлардан келиб чиқиб ҳамда кунлик ёлланма меҳнатга чиқувчи фуқароларга қулайлик яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Самарқанд шаҳрида меҳнат бозори ташкил этишга қарор қилинди.
Ушбу масала бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда фуқаролар билан, хусусан, “мардикор бозори”га чиқадиган кишилар билан маслаҳатлашилди.
Меҳнат бозори учун айни пайтда ёлланма меҳнат учун кишилар тўпланадиган жойга яқин бўлган ҳудуд (Садриддин Айний кўчаси 2-уй манзилда жойлашган Самарқанд вилояти “Агрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти биноси ва унга туташ ҳудудлар) танланди.
Шундан сўнг, меҳнат бозори лойиҳаси тайёрланиб, 2019 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида ўтказилган йиғилиш баёнида Самарқанд шаҳри Садриддин Айний кўчаси 2-уй манзилда жойлашган Самарқанд вилояти “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятига тегишли бўлган бино ва иншоотларни ер майдони билан бирга Самарқанд шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказиш ва мазкур ҳудудда меҳнат бозори ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа таклифи маъқулланди.
Ушбу лойиҳада “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятига тегишли бино ва иншоотлар ер майдони (6400 кв.м) билан бирга унга туташ ҳудуддаги 2 та турар жой ва 6 та нотурар жойнинг ўрни (3056 кв.м) ҳам киритилган.
Шунга кўра, 2019 йил 8 июлда Самарқанд шаҳар ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосланиб, “Самарқанд шаҳар Садриддин Айний кўчаси 2-манзилга туташ ҳудудда жойлашган турар ва нотурар жой объектларини бузишга рухсат бериш тўғрисида” қарор қабул қилган.
Ушбу қарор қабул қилингач, битта турар ва битта нотурар жой эгалари белгиланган тартибда компенсация тўловларини олиб, ўз ихтиёри билан ер майдонини бўшатиб беришга рози бўлган.
Лекин шу пайтгача ҳеч кимнинг уй-жойи ёки тадбиркорлик субъектларига тегишли бинолар мажбуран бузилмаган. Мақолада акс этган суратлар “Агрокимёҳимоя” ҳудудий акциядорлик жамиятининг бинолари бўлиб, мулкий мансублиги нуқтаи назаридан Kun.uz да келтирилган тадбиркорлик субъектларига ёки фуқароларга тааллуқли эмас.
Бу расмларни жойлаштириш нотўғри талқин этилишига ва жамоатчиликда салбий таассурот қолишига олиб келмоқда. Бу албатта, журналист этикасига тўғри келмаса керак, деб ўйлаймиз.
Шу сабабли “шаҳар ҳокимлиги Бош вазир номидан фойдаланиб, тадбиркорларнинг юриб турган ишини пароканда қилмоқда ва ноўрин харажат (компенсация) сабаб маҳаллий бюджетга зарар келтирмоқда”, деган важлар ҳақиқатдан йироқ ва ҳеч қандай асосга эга эмас. Меҳнат бозори қуриш орқали минглаб инсонларга қулайлик яратиш ва бунинг учун айрим уй-жой эгалари ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар ҳисобига компенсация тўлаш нега энди ноўрин харажат ҳисобланар экан?
Агар ҳозирги “мардикор бозори”даги ҳолат билан янгидан ташкил этиладиган меҳнат бозорида яратиладиган шарт-шароит ва имкониятлар ҳисобга олинса, ҳокимликнинг нима сабабдан ушбу лойиҳани амалга ошираётгани ойдинлашади. Бугунги кунда ҳокимлик лойиҳани давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга ошириш бўйича фуқароларга таклиф берган. Ҳозир ҳам ушбу таклиф бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр.
Биринчи навбатда 6 та объект (1 та турар ва 5 та нотурар жой) эгаларига компенсация тўловлари билан бирга янги қуриладиган меҳнат бозори лойиҳасида белгиланган объектлар бўйича тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш таклиф этилган. Жумладан, “Нур” хусусий корхонаси эгаларига ҳам бу таклиф билдирилган. Аммо улар рози бўлмагач, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 6 та объект юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилган. Айни пайтда бу ишлар суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Меҳнат бозори учун шунча катта жой шарт эдими, деган саволга жавобан шуни маълум қиламизки, меҳнат бозори лойиҳасида ёлланма ишчилар учун кутиш жойигина назарда тутилмаган. Бу ерда уларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази, ватқинча қолиши учун ётоқхона, арзон нархда хизмат кўрсатувчи ошхона, маиший хизмат нуқталари, хўжалик моллари сотиладиган дўкон ва бошқа объектлар назарда тутилган. Шунингдек, транспорт воситаларининг эркин кириб-чиқиши учун шароит яратилади, вақтинчалик тўхтаб туриш жойлари ташкил этилади.
Мақолада қайд этилганидек, шу пайтгача Самарқанд шаҳридаги мардикор бозори бир неча жойга кўчирилган. Тўғри. Лекин кўчирилган жойларда фуқаролар учун етарли даражада шарт-шароит яратилмагани сабабли улар кўчага чиқиб иш, иш берувчини кутишга мажбур бўлган. Автомобиль тўхташи билан бир неча киши унга ёпирилиб борган. Айни пайтда ҳам вазият шундай.
Аввалги ҳолатлардан хулоса қилган ҳолда, янгидан тайёрланган меҳнат бозори лойиҳасида бу жиҳатлар ҳисобга олинган ва кейинчалик бу ердан бошқа мақсадда фойдаланиш ёки “кимгадир бериб юбориш” мақсади кўзланмаган.
Ҳокимлик ҳеч кимни норози қилиш ёки тинчини бузишни, тадбиркорнинг йўлига ғов бўлишни истамайди. Бугун Президентимиз бошчилигида юритилаётган сиёсатнинг асосини давлат органларининг халқимизга хизмат қилиши, одамларнинг давлатдан розилигига эришиш ташкил этади. Самарқандда ҳам ана шу мезон асосида иш олиб борилмоқда.
Kun.uz сайти мухбирлари фақат бир томоннинг фикрини эшитиб, “Самарқандга ибтидоий “мардикор бозори” нега керак?” деб жар солиш, бунинг ортида қандай ниятлар борлиги ҳақида савол қўйишдан аввал ҳокимлик фикри билан қизиққанда, лойиҳа билан танишганида аслида, бу ҳаракатлар айни пайтдаги ибтидоий “мардикор бозори”ни йўқотиш, одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва меҳнат қилиш ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш учун эканлиги аён бўларди-ку?!
Муҳими, ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли билан ҳурматли журналистларимиз учрашдими, уларнинг фикрлари билан қизиқдими? Нега улар ушбу тартибсиз “мардикор бозори”дан безовта бўлиб келмоқда?
Бугун интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда “снос” деган гап билан шов-шув кўтариш, одамларнинг эътиборини жалб қилиш тобора кучайиб бораётган бир пайтда республикамиздаги энг катта аудиторияга эга сайтлардан бирининг масалага бир томонлама ёндашувини журналистик этикага зид ҳолат, деб ҳисоблаймиз.