Меҳнат ярмаркасида мардикор бозорларида юрган 11 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 14 декабрь куни Самарқанд вилояти ички ишлар органларидаги хотин-қизлар масалалари бўйича ишловчи инспекторлар Самарқанд туманидаги 2 та мардикор бозорларида бўлиб, у ердаги 60 нафар хотин-қизлар билан суҳбатлашиб, доимий иш билан банд бўлишларини таъминлаш мақсадида 2019 йил 17 декабрь куни Самарқанд шаҳрида ташкил этилаётган Меҳнат ярмаркасида иштирок этиши ва иш ўринларига эга бўлишлари мумкинлиги тушунтирилганди.
Бугун Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари ташаббуси билан Самарқанд шаҳридаги 24-болалар мусиқа ва санъат мактабида Меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда корхона ва ташкилотлар ўзларидаги бўш иш ўрнилари билан иштирок этишди.
Ярмаркада Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гавҳар Алимова, журналистлар, блогерлар қатнашиб, иш излаб келган хотин-қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг фикри ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Тадбир давомида мардикорлик билан шуғулланиб келаётган 11 нафар хотин-қизлар Самарқанд шаҳридаги “Дака” МЧЖ, “Зарафшон текстил” МЧЖ, Афросиёб “Жинс” МЧЖларда ўзларига муносиб иш ўринларини топди ва мутассади ташкилотлар билан меҳнат шартномаларини имзолашди.
Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.