Мирза Азизов: «Ҳарбий либосни мардлар кийиши керак»

Халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори Мирза Азизовнинг ҳарбий хизмат даврлари ҳақида «Vatanparvar» газетаси журналисти билан уюштирилган суҳбат давомида сўзлаб берди.

"Армия ҳақида гапиришдан олдин айтишим лозимки, ҳарбий либосни фақат мард ва садоқатли, жасур инсонлар кийиши керак. Чунки юртни ҳимоялаш – оилангни муҳофаза қилишдан кўра масъулиятли ва машаққатлидир. Мен 1987 йили Тошкент давлат санъат институтини тамомлаганимдан сўнг, армияга борганман. У пайтлар қўшни Афғонистонда айни уруш олови гуриллаётган армияга бориш хавотирли дамлар эди. Туркистон ҳарбий округининг Ашула ва рақс ансамблига борганимда Аҳмаджон Нуров исмли акамиз мени кўриб, «Мирза бизга ўзингиз тайёрлаган ариялар ва романслардан ижро этиб берасиз. Бизга хизматга келинг» дедилар. Хурсанд бўлдим. «Армиягами?» десам, «Ҳа, армияга, бизда хизмат қиласиз!», дедилар. Кейин Чуст тумани ҳарбий бўлинмасига хат қилдилар. Унда, «Биздан телефонограмма бормагунча, бу йигитни ҳеч қаерга юборманг», дейилган эди. Уларнинг таклифи билан ҳарбий хизматни бошладим. Ўз Ватанимда хизмат қилиш жуда шарафли бўлган. Чунки у даврларда деярли ҳамма ўзга юртларга хизматга боришарди.

Хизмат жуда яхши ўтган. Мен ҳалиям ғурур билан эслайдиган воқеалардан бири шуки, ўша пайтда жуда машҳур бўлган хонанда, халқ артисти Иосиф Кобзон келиб, ансамблимизда қўшиқ ижро қилган. Биз эса уларнинг ортидан хор бўлиб жўровозлик қилганмиз. Концертдан кейин эса дирижёримиз кириб келиб, «Бугундан бошлаб Иосиф Кобзоннинг асарларини оддий аскар Азизов ижро этади», деган. Жуда ҳаяжонланганман. Санъат остонасида турган ёш йигит учун бу катта ишонч ва имконият эди.

Ансамблимиз билан бир нечта республикада бўлганмиз. Қўшни давлатлар бўйлаб гастроль сафарларда, денгиз флотларида бўлиб концерт дастурларини намойиш этганмиз. Ўша жойларда ҳам, улкан ҳарбий техникаларни бошқараётган, командир бўлган ҳамюртларимизни, чустлик йигитларни кўриб, қалбим фахрга тўлган.

Аввало, эгнига ҳарбий либос кийиб, юртни куну тун ҳимоя қилишга шайланган ҳар бир Ватан ҳимоячисининг дилида ғурур бор, шу эл-юрт учун эзгулик бор. Она Ватанимизни муҳофаза қилиб, осойишталигимизни таъминлаётган ҳарбий хизматчиларнинг хизмати шарафли эканлиги шундан.

Турли ролларни ижро этишга ҳаракат қиламан. Лекин ҳарбий хизматчиларнинг образини яратиш бир оз мушкул. Жумладан, «Остона» сериалида майор Мўминов образини очиб беришга ҳаракат қилганман. Унинг зудлик билан қарор қабул қилишини, тўғри қарор қабул қилишини, мамлакат тинчлигига камарбаста инсон эканлигини гавдалантиришга интилганман.

Санъат соҳаси вакилими ёки маданият ходимими у албатта, тафаккури кенг, мустақил фикрли ва ўта маданиятли инсон бўлиши керак. Бунда сиз айтмиш, китоблар бизга яқиндан кўмак беради. Ўзимга келсак, тарихий адабиётлар билан бирга, шеърий китобларни кўп мутолаа қиламан. Айниқса, она юрт ҳақидаги мисраларга қайта-қайта мурожаат қиламан".