Мобил алоқа 99,8 фоиз, интернет 90 фоизга етди
"Жорий йил 8 ойи якуни билан вилоят бўйича кўрсатилган ахборот коммуникация технологиялари хизматлари ҳажми 674,4 миллиард сўм ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 122,2 фоизни ташкил этди", дея хабар берди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев Zarnews.uz'га.
Д.Хўжамбердиевнинг айтишича, кўрсатилган хизматлар ҳажмида 4,7 фоиз соҳа хизматларининг улушига тўғри келади. Бунинг учун жорий йилнинг ўтган даврида 3,5 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 17 минг километрга етказилди. Шу билан бирга, вилоятдаги 2345 та ижтимоий соҳа объекти, жумладан, 1260 та халқ таълими, 711 та мактабгача таълим, 374 та тиббиёт муассасаларида юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Вилоятдаги 1126 та маҳалла фуқаролар йиғини тармоққа уланди.
Мобил алоқа қамровини кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида 108 та янги база станцияси ўрнатилиб, 170 та база станцияси тезкор интернет технологияси асосида модернизация қилинди, вилоят аҳоли масканлари мобил алоқа билан 99,8 фоиз ва тезкор мобил интернет билан 90 фоизга қамраб олинди.
Маълумот учун, бугунги кунда вилоятдаги мобил алоқа база станцияларининг умумий сони 5252 тани ва мобил абонентлар сони 2529,7 минг нафарни ташкил этмоқда.
Аҳоли яшаш масканлари 100 фоиз рақамли телевидение сигналлари билан қамраб олинган.
Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида бугунги кунга қадар вилоятимиздаги 278 632 нафар ёшлар рўйхатдан ўтиб, 102 895 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритган.
Бугунги кунда филиал ҳамда шаҳар ва туманлардаги IT марказларда 51 нафар ходим фаолият олиб бормоқда.
Ўтган даврда IT Park резидентлари сони 19 нафардан 33 нафарга етказилди. Эътиборлиси, резидент сифатида рўйхатдан ўтган ва ариза топширганларнинг 6 таси масофавий экспорт хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади. Ушбу резидентлар солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод бўлиш имтиёзига эга бўлиб, иқтисод қилинган маблағларни фаолиятларини янада ривожлантиришга йўналтирмоқдалар.
Бундан ташқари, ҳудудий филиалда 51 та стартап лойиҳа рўйхатдан ўтказилди.