Нега биз шунақамиз?

– Гапирма шу маҳалла раисини, ёнига қариндошларини йиғиб олган.

– Ёрдам пулини фақат “ўзининг одамлари”га чиқаради.

– Мана, ваколати тугаяпти, нима қилиб берди? Битта кўчани таъмирлатиб ҳам беролмади-ку!

Бунга ўхшаш гаплар қулоғингизга чалинган чиқар.

Бугун соат 11:00 да маҳаллада раис сайланиши керак эди. Сайланмади. Сабаб – овоз бериши лозим бўлган фуқароларнинг тўртдан бири ҳам сайловга келмади.

Бу вазият камида иккита тахминни юзага чиқаради.

Биринчидан, сайловни ташкил қилишда сусткашликка борилган. Одамлар эшитмаган, сайловдан хабардор қилинмаган.

Иккинчидан, фуқаролар бу жараёнга жиддий қарамайди, маҳалла раисининг ким бўлиши уларни қизиқтирмайди.

Биринчи шубҳанинг охирига етиш муаммо эмас. Чунки, ишчи гуруҳ сайлов куни, вақти аниқ қилиб белгиланган ТАКЛИФНОМАни рўйхатга олинган вакилларга етказиб берар экан, имзо қўйдириб олади. Демак, бундай ташкилий иш, РАСМИЯТЧИЛИК ишчи гуруҳнинг энг эҳтиёт бўладиган томони. Сабаби, сайловга етарлича одам йиғилмас экан, қонунчиликка кўра ўтмаган ҳисобланади. Бундан ишчи гуруҳ ва унинг раиси ҳеч қандай манфаатдор эмас. Ўзини ўзи сарсон қилиш, муаммо юзага келтириш уларга керак эмас.

Демак, аччиқ бўлсада, ИККИНЧИ ТАХМИНни тан олишга мажбурмиз. Яъни, одамларимизга маҳалла раиси ким бўлишининг аҳамияти йўқ. Бунга амин бўлдик. Таклифнома жўнатилган бўлишига қарамай, қарийб икки соат давомида хонадонларга сайлов ўтказилаётгани ҳақида хабар юбориб турилди. Шундай бўлсада, етарлича одам йиғилмади.

Энди бир йилдан кейинги ҳолатни тасаввур қилиб кўрайлик. Ўшанда мақоламиз аввалидаги луқмалар тилга кўча бошлайди: бу раисни ким сайлаган, нима қилиб берди, менинг набирамга ёрдам пули чиқармади, “қайтиб келган” қизимни уй-жой учун рўйхатга киритмади ва ҳоказо...

Мантиқан олиб қараганда, раҳбар сайланаётганда сукут қилиш, лоқайд бўлиш эртага ўзимизнинг муаммомизга айланади. Чунки, бизни бу ҳолат бир йил аввал қизиқтирмаётганди. Энди раисни излаб қолдик. Ваҳоланки, бу раисни биз ҳам, бизнинг дардимиз ҳам энди қизиқтирмайди. Чунки уни биз сайламагансиз. Кўнглимиздаги одам эмас у. Сайловга мажбуран йиғилган одамлар сайлаган вакил у.

Хўш, яна кимга жабр? Ўзимизга!

Масаланинг бошқа бир қизиқ томони, биз мисол келтираётган маҳалла раиси сайловига келган вакилларнинг деярли ҳаммаси ёши улуғ одамлар, мактаб ўқитувчилари. Нега? Эмишки, УЛАР БЕКОРЧИ... Қолганлар ишли одамлар. Ваҳоланки, кўчада ҳақиқий бекорчиларни ҳам кўрдик. Нима қилишини билмай ўтирибди.

Борингки, сайлов нега дам олиш куни ўтказилмади? Қизиқ, нега тўйни, гап-гаштакни, маишатни дам олиш кунига тўғриламаймиз? Бундай тадбирларга вақт топилдими, топиладими, баҳонага ўрин қолмайди. Қолаверса, давлат ишида ишлаётган бўлсада, йиғилганлар орасида ўнга яқин одамни учратдик. “Маҳалламда сайлов бўляпти, бир-икки соатга ишга кечикиб бораман”, деб асос кўрсатган одамлар билан суҳбатлашдик.

Яқинда дунёнинг нариги томонида сайловга бўлган муносабат акс эттирилган видеоролик тарқалди. Ундан англашиладики, биз сайламаган одам – биз ёқтирмаган таом, бизга ярашмайдиган кийим!

Гапи келганда, маҳалла тизимини дунёда ўхшаши йўқ ташаббус сифатида баҳолаймиз. Ҳақиқатан ҳам тизим фаолиятини мувофиқлаштирувчи қарор ва қонунларимиз кўпайди. Биринчи марта маҳалла раисини яширин овоз бериш орқали сайлай бошладик. “Бетинг-кўзинг” демасликка, яхши яшашимиз учун ҳисса қўша оладиган одамни танлаш имкониятига эга бўляпмиз. Аммо амалда эскича шууримиз, онгимиз билан муносабат билдиряпмиз.

Дунёни ўзгартиришни ўзингдан бошла, дейди улуғлар. Хуллас, энди биз сайлаган Президент, депутат ёки маҳалла раиси учун бировдан ўпкаламайлик. Чунки бизнинг сайламаганимиз – сайлаганимиз!.. Сукут – ризолик аломати.

 

Исомиддин ПЎЛАТОВ.