ННТлар давлат гранти маблағларини мақсадли ишлатяптими?

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ННТ, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилда 33 лойиҳага 995 миллион сўм, 2022 йилда 17 лойиҳа ва 11 та миллий маданий марказга 1 миллиард 264 миллион сўм маблағ ажратилган.

Ушбу давлат гаранти ва давлат субсидияси маблағларини мақсадли ва самарали ишлатиш юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси ишчи гуруҳи ҳамда ОАВ вакиллари томонидан жойларда мониторинг ўтказилди.

Дастлаб Ургут тумани ва Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолияти ўрганилди.

2021 йилда Ургут туманидаги Ипакли маҳалласига “Ипак ота” зиёратгоҳи асосида кашта тикиш амалий санъатнинг қадимий соҳаларини маҳалла хотин-қизлари орқали ривожлантириш” лойиҳаси учун 30 миллион сўм маблағ ажратилган. Маҳалла раиси Ҳазрат Ҳайдаровнинг айтишича, ушбу маблағга 7 та тикув машинаси ва керакли жиҳозлар харид қилиниб, маҳалладаги ижтимоий "дафтар"ларда турадиган ва ишсиз хотин-қизларга каштадўзлик ва кийим-кечак тикиш ўргатиб келинмоқда.

Туманнинг Совғон маҳалласида “Маҳалла ва ёшлар кутубхонаси” номли электрон ҳамда турли адабиётларни ўзида жамлаган бадиий кутубхона ташкил этиш лойиҳаси 50 миллион сўм грант ютиб олган.

- Ўтган йили кутубхона ташкил қилиш лойиҳамиз учун 50 миллион сўм грант маблағи ажратилди ва маҳалла марказида кўркамгина кутубхона очдик, - дейди Совғон маҳалласи ёшлар етакчиси Азиз Боймаҳматов. – Кутубхонага керакли адабиётлар, телевизор, компьютер ва стол-стуллар олиб келдик. Ҳозир бу ерда маҳалла ёшларининг бўш вақти мазмунли ўтяпти.

Бундан ташқари, туманнинг Сариқтепа маҳалласида 30 миллион сўм грант ғолиби бўлган, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича “Дил ба ёру, даст ба кор” лойиҳаси ҳамда Мустақиллик маҳалласида 50 миллион сўмлик грант маблағи ҳисобига “Янги Ўзбекистонда муносиб ҳаёт” номли ногиронлиги бўлган шахслар ва оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ҳаётга мослаштириш маркази фаолияти йўлга қўйилиб, давлат гранти маблағларидан самарали фойдаланилган.

Мониторинг давомида 2021 йилда грант танловида ғолиб бўлиб, 31 миллион сўмни қўлга киритган SOS Ўзбекистон болалар маҳалласи Самарқанд филиалида “Термо-иссиқхона ва жонли бурчакни ташкил қилиш” лойиҳаси ҳам кўздан кечирилди.

- Лойиҳанинг асосий мақсади ота-она қарамоғисиз қолган болаларни табиатни севишга, ҳайвонларни боқишга ўргатиш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш, - дейди SOS болалар маҳалласи Самарқанд филиали директори Дилрабо Давронова. – Айни пайтда бу ерда 70 нафар бола тарбияланмоқда. Грант ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан маҳалла ҳудудида иссиқхона ташкил этилди. Қўй, мол, қуён ва товуқлар боқиш йўлга қўйилиб, ҳар бир оилага бўлиб берилди. Бу болаларда қизиқиш билан бирга, келажакда шундай касб билан шуғулланишга ҳам ўргатилмоқда.

Кейинги манзил 50 миллион сўмлик грант маблағи ғолиблари, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ҳамда Пенсионерлар уюшмасининг вилоят кенгаши бўлди.

Кенгаш раиси Бекзод Раҳимовнинг таъкидлашича, ажратилган маблағ “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни ҳайдовчиликка ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга йўналтирилган ва жорий йилда 423 нафар ижтимоий "дафтар"даги ёшлар грант маблағлари ҳисобидан ўқитилган. Шунингдек, ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий кўникмаларини ошириш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этилган.

 - “Соғлом келажак” лойиҳаси учун 50 миллион сўм грант маблағи ажратилган, - дейди Пенсионерлар уюшмасининг вилоят кенгаши раиси Ҳошим Вафоев. - Грант маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳри Дўстлик кўчасидаги ташландиқ жойни ободонлаштириб, нуронийлар чойхонасига айлантирдик. Шунингдек, бу ерда нуронийларнинг шуғулланиши учун ҳам шароит яратилиб, маскан замонавий спорт жиҳозлари билан таъмирланди.

Жамоат комиссияси ишчи гуруҳининг жойларда мониторинг текширувлари давом этмоқда.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.