Нобель мукофоти билан боғлиқ шов-шувли воқеалар
Нобель мукофоти биринчи марта 1901 йилда берилган ва ўша вақтдан буён дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бирига айланган. Аммо жанжал ва фитналар бу совринни ҳам четлаб ўтмади. Унинг тарихида шубҳали ғолиблар ва фаразли қизиқишлар тўқнашувлари бўлган.
Мукофот яратувчиси
1888 йилда Франция газеталарининг бирида Альфред Нобель ўлими билан боғлиқ “Ажал савдогари ўлди” сарлавҳали некролог эълон қилинди. Ушбу қайғули хабар ноўрин чоп этилган эди. Чунки Канн шаҳри шифохоналарининг бирида Альфреднинг туғишган акаси Людвиг Нобель бу дунё билан видолашганди. Динамит ихтирочиси ушбу некрологни ўқигач, авлодлар хотирасида бир умр “Ажал савдогари” сифатида эсланишни хоҳламади ва ўзининг мулкини дунё бўйича илм-фан соҳасидаги ютуқларга эришганларни рағбатлантирувчи махсус фондга васият қилди.
Гендер тенгсизлиги
Соврин топширилишининг бутун тарихи давомида ғолиблар орасида мукофотланган аёллар атиги 5 фоизни ташкил этган. Энг катта жанжал британиялик астрофизик Жоселин Белл Бернель билан боғлиқ эди. Айнан у 1967 йилда космик нурларнинг манбаларини кашф этган ва Энтони Хьюиш билан ҳамкорликда бу ҳақда мақола эълон қилган. Бироқ 1974 йилда ушбу кашфиёт учун Нобель мукофоти Энтони Хьюиш ва унинг бошқа бир ҳамкасби томонидан қабул қилинди ва кашфиётчи аёлнинг исми ҳатто тилга олинмади.
Мунозараларга сабаб бўлган мукофот
Ушбу йўналиш мукофот тарихидаги энг мунозарали масалалардан бири ҳисобланади ва ғолибни танлашда ноаниқликнинг энг ёрқин намунаси бўлган.
Яссер Арафат 1994 йилда Исҳоқ Робин ва Шимон Перес билан биргаликда Фаластин ва Исроил давлатлари ўртасидаги низони ҳал этиш бўйича келишув бўйича ишлаганлиги учун мукофотга сазовор бўлган. Баҳснинг сабаби, Яссер Арафатнинг ҳақли равишда халқаро террорнинг мужассамланиши, деб саналган Фаластин Озодлик Ташкилотининг раҳбари бўлганлигида эди.
Ярми ҳазил...
Тасаввур қилиш қийин. Лекин 1939 йилда Адольф Гитлер тинчлик Нобель мукофотига номзод бўлди. Тўғри, жанжал кўтарилганидан сўнг унинг номзоди чақирилиб олинди ва Гитлернинг номзодлиги “муваффақиятсиз ҳазил”, деб эълон қилинди.
“Рад этиш шарафига эгаман”
Нобель мукофоти олиш жуда нуфузли ва аҳамиятли бўлишига қарамай, бу мукофотни олишдан бош тортиш ҳолатлари ҳам бўлган. Масалан, Француз файласуфи Жан Поль-Сартр ҳеч қандай шароитда, ҳеч қачон расмий мукофотларни олмаган. У 1964 йилда адабиёт соҳасидаги унга бериладиган Нобель мукофотига ҳам истисно қилмади.
1974 йилда эса Вьетнамда тинчлик ўрнатиш ҳаракатлари учун тақдим этилган сиёсатчи Ле Дик Тхо мамлакатда тинчлик ўрнатилишига ҳали жуда узоқ вақт борлигини айтиб, бу мукофотни олмади.
Манфаатлар тўқнашуви
2008 йилда папиллома вирусининг саратон касаллиги билан боғлиқлигини очган Харальд Цур Хаузенга мукофотнинг тақдим этилиши атрофида кўплаб мунозалар юзага келди. Аниқланишича, бу вакциналарни ишлаб чиқарувчи «AstraZeneca» компанияси Нобель мукофоти веб-сайтининг ҳомийси экан. Бундан ташқари, ушбу олимнинг номзоди учун овоз берганларнинг иккитаси ҳам худди шу компания билан боғланган. Кейинги текширувларда ҳеч қандай қонунбузарлик аниқламади. Аммо мукофот тақдимоти танқидга сабаб бўлди.
Ҳар йили Нобель мукофотини топшириш маросими Стокгольмда бўлиб ўтади. Тинчлик мукофотидан ташқари, барча мукофотлар Швеция қироли томонидан тақдим этилади ва тақдирлаш маросимидан сўнг ғолиблар ҳамда уларнинг меҳмонлари махсус зиёфатга таклиф этилади. 1901 йилдан бери ўтказилаётган зиёфат менюси ҳеч қачон такрорланмаган ва бутун жараён ҳар сониясигача ҳисобланган ва уни ўтказиш вақти бир марта ҳам бузилмаган.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.