Нурободда ғалла ўрим-йиғими бошланди

Бу йил нурободлик ғаллакорлар 2 минг 10 гектар суғориладиган ер майдонида бошоқли дон етиштирди. Мақсад - 3 минг 763 тонна мўл ҳосил ўриб-йиғиб олиш.
Айни кунларда “Ургут чорвадор Азимшер”, “Асилбек истиқлол ўғлони”, “Мусоқоқ” фермер хўжаликларида ғалла ўрим-йиғими бошланди.
- Мавсумни қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш юзасидан туман ҳокимлиги қошида ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ўрим-йиғимда иштирок этаётганлар учун даланинг ўзида иссиқ овқат, ҳамма шароитга эга турар жой масканлари, кўчма техник хизмат кўрсатиш мобил гуруҳлари ташкил этилган, - дейди “Ўзагроинспекция”нинг Нуробод тумани бўлими бошлиғи Мамат Ўрунов. - Ғалла ўриш комбайнларининг бир маромда, узлуксиз ишлашини таъминлаш учун, ёқилғи мойлаш материаллари ва бошқа зарурий асбоб-ускуналар шай қилинган.
Маълумот ўрнида: жорий йилда самарқандлик кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар 94 минг 230 гектар сувли майдонга экилган кузги бошоқли дон экинларидан 235 минг тоннадан ортиқ ҳосил йиғиштириб олиш мақсадида астойдил меҳнат қилишмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.