Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одам савдосига қарши курашиш янгича услубда ташкил этилади

Вилоят ҳокимлигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан ўқув-семинар ташкил қилинди.

Унда миллий комиссия вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар ҳудудий комиссиялари аъзолари ҳамда соҳага алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби тасдиқланди.

Миллий комиссия Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича ҳамда Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиялардан иборат.

Кичик комиссияларга тегишлилиги бўйича Миллий комиссия раиси ўринбосарлари ҳисобланган Ички ишлар вазири ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қилади.

Давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда ННТларнинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш Миллий комиссиянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган.

- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилади, - дейди Ички ишлар вазирлиги вакили Улуғбек Эрназаров. – Комиссия ўринбосари ва котиби эса ички ишлар бошқармасида фаолият олиб боради. Жойлардаги комиссиялар фаолиятини ўрганганимизда бу икки идорани боғлаб туриш, улар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш тизими яратилмаганлиги кузатилди.

Йиғилиш давомида жойлардаги ҳудудий комиссиялар фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, мавжуд ҳолат таҳлил этилиб, йўл қўйилаётган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Одам савдосидан жабрланганларнинг кейинги тақдирига бефарқ бўлмаслик юзасидан фикрлар билдирилди. Уларни келгусида муқим иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун давлат дастурлари асосида молиявий ёрдам бериш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда ҳудудий комиссиялар фаолиятида учраётган муаммоли масалалар ўрганилиб, уларнинг таклифлари умумлаштирилди.

Ё.ГАДОЕВ.