Одамлар турмуши ўзгариб, ҳудудлар қиёфаси яхшиланади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов бошқарди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Қишлоқлар қачон обод бўлади?

Дастурга асосан 212 километр ичимлик сув тармоқлари ҳамда 34 та сув иншоотлари қурилиши режалаштирилган. Олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, амалда 49,3 километр (23 фоиз) тармоқ қурилиб, 1 та (3 фоиз) сув иншооти ўрнатилган. Шунингдек, Ургут тумани Ваткан-Қўзибек, Пайариқ тумани Баҳрин қишлоғида тармоқ тортиш ишлари бошланмаган.

Бундан ташқари, дастурдаги 90 та объектда 91 миллиард сўмлик 292,8 километр узунликдаги тармоқ ва 37 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш ҳануз бошланмаган.

Вилоятда дастурга асосан бугунги кунга қадар 70,9 километр (62 фоиз) асфальт ва 196,8 километр (73 фоиз) қум-шағал ётқизилган. Шунингдек, Нуробод тумани Нурбулоқ қишлоғида 4 километр, Ш.Юлдузи қишлоғида 4,8 километр (160 фоиз) ва Иштихон тумани Равот қишлоғида 4,5 километр, Тойтуёқ қишлоғида 3 километр (100 фоиз) амалга оширилган.

Ижтимоий соҳада 51 та (86 фоиз) объектда ишлар бошланган, 11 миллиард сўм (12 фоиз) молиялаштирилган ва 5,2 миллиард сўмлик (6 фоиз) қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Бироқ 8 та объект бўйича (4 та мактаб ва 4 та мактабгача таълим) тендер савдолари якунланмаган.

Вилоятда 9 минг 161,3 километр газ тармоғи бўлиб, шундан 1 067,8 километри юқори босимли, 2 минг 335 километр ўрта босимли ва 5 758,5 километр паст босимли. Мавжуд тармоқдан 10,6 километр қисми таъмирталаб. Шу боис дастур асосида 13,8 километр (184 фоиз) тармоқ, 27 та (93 фоиз) газ тақсимлаш пункти (ГРП) ва аҳолига 2 минг 740 та (100 фоиз) газ баллони тарқатилди.

Аммо дастур доирасида Паст Дарғом тумани Тўрттом қишлоғида 5 та газ тақсимлаш пункти (ГРП) ўрнатилмаган.

Умуман, 2021 йилда вилоятнинг 717 та қишлоқ ва 198 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш ва ҳудудларини ободонлаштиришга 1 805 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 28 та қишлоқ ва 4 та маҳалла архитектура қиёфаси янгиланиб, ҳудудлари ободонлаштирилади.

Электр таъминоти яхшиланади(ми?)

Сессия ишида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Ғ.Маматқуловнинг вилоят аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасида олиб бораётган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, вилоят истеъмолчиларига Навоий, Сирдарё ва Талимаржон иссиқлик электр станцияларидан 139 та 35-110 кВ подстанция, 27 минг 695,6 километр 0,4-110 кВ электр узатиш тармоқлари ҳамда 11 минг 315 километр 10/0,4-6/0,4 кВ трансформатор пунктлари орқали электр энергияси етказилмоқда.

 “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тасарруфида бўлган 25 минг 304,7 километр электр тармоғи ва 11 минг 315 та трансформатор пункти бор. Бугунги кунда 6 минг 106 километр (24 фоиз) 0,4-6-10 кВ кучланишли электр тармоғи ва 3 минг 851 та (34 фоиз) трансформатор пункти жисмонан эскирган.

- Аҳолини электр энергияси таъминотини яхшилаш, узлуксизлиги ва юқори сифатини таъминлаш масаласи кун тартибидаги долзарб масалалардан эканлиги ҳеч кимга сир эмас, - деди Ғ.Маматқулов. – Шу боис мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, тизимда аҳволни ўнглаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, вилоятда 200 мингдан ортиқ яроқсиз ҳолга келган ёғоч устунларни 2030 йилгача бўлган давр мобайнида босқичма-босқич алмаштириш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.

Биргина йил якунига қадар 987,1 километр электр узатиш тармоғи ва 218 та трансформатор пунктини ўрнатиш бўйича кунлик, ойлик ва чораклик графиклар ишлаб чиқилган.

Ҳеч бир масала шунчаки ўтказилмади

Сессия давомида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи А.Закиров Президентимизнинг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисобот берди.

Қайд этиш лозимки, ижтимоий тармоқлар орқали жонли узатилган сессия ишида ҳеч бир масала номига кўриб чиқилмади. Депутатларга ўз ҳудуди, сайловчилари манфаатларидан келиб чиқиб кетма-кет саволлар бериб, аниқ асослантирилган жавоб олди.

Депутатлар вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ташкилий тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш ҳам ҳам атрофлича муҳокама қилинди.