Ўғирланган челак, отишмасиз уруш ва одамхўр ҳукмдор: Инсоният тарихидаги ғалати урушлар
Инсоният тарихи бу - урушлар тарихидир. Швейцариялик Жан-Жак Бабель милоддан аввалги 3500 йилдан бошлаб бутун тарихда бўлиб ўтган урушларни ҳисоблаб чиқди ва шу давр давомида инсоният атиги 292 йил тинч-тотув яшаб келганини аниқлади. Бу урушларда ҳалок бўлганлар сонини ҳисоблаш қийин. Ушбу мақолада биз арзимас сабабларга кўра бошланган энг ғалати тўқнашувларни танладик.
“Ўғирланган челак” можароси
Бу уруш 1325 йилда Апеннин ярим оролида рақобат бир асрдан кўпроқ вақт давом этиб келган Италиянинг Болония ва Модена ўртасидаги шаҳарлари ўртасида бошланган. 1325 йилнинг кузида у ерда яна бир тўқнашув содир бўлиб, Моденанинг бир неча аскарлари тунда Болония қудуғидаги эман челакни ўғирлаб кетишди. Эртасига эрталаб улар челакни масхара қилиб, ватандошларига тантанали равишда намойиш этишди.
Болония аҳолиси учун бу ўғирлик сабрнинг сўнгги томчиси бўлди. Шаҳар ҳокимияти қўшнилардан “етказилган зарар”ни жойига қайтариб қўйишни талаб қилди. Модена кенгаши эса бу талабни эътиборсиз қолдирди.
Шунда болонияликлар йигирма минглик қўшин йиғиб, Моденага ҳужумга ўтдилар. Тўқнашув натижасида жанг майдонида ҳар икки томондан 2 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.
Бугунги кунда ўғирланган челакнинг “нусха”си Модена собори қўнғироқхонасида осилиқ туради.
Голландия ва Силли ороллари ўртасидаги уруш
Англиядан 45 километр жануби-ғарбда жойлашган 55 та кичик Силли ороллари Британия тожининг бир қисмидир. 1641 йилда Британияда парламент ва қироллик тарафдорлари ўртасида фуқаролар уруши бошланди.
Қироллик тарафдорлари мағлубиятга учради, лекин уларнинг флоти Силли оролларида мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлди. 1651 йилда парламентарийларни қўллаб-қувватлаган Голландия бу қироллик қолдиқларига қарши уруш эълон қилди. Исёнчилар тез орада Лондонга таслим бўлишган бўлса-да, Голландия ва Силли ороллари ўртасида расмий тинчлик 1986 йилгача ўрнатилмасдан қолди.
Ажабланарлиси, 335 йил давомида урушаётган томонлар бир-бирига қарата битта ҳам ўқ узгани йўқ. Лекин расмий равишда, бу йиллар давомида улар ўртасида уруш ҳаракатлари олиб борилган.
Футбол уруши
1969 йилда бир-бирига қўшни, тарихан рақиб бўлган Лотин Америкасининг икки давлатлари ўртасида жиддий можаро юз берди. Ўша йили бўлиб ўтаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг саралаш босқичида Сальвадор ва Гондурас жамоалари тўқнаш келишди. 3 та ўйиндан сўнг мухлислар орасида жанжал бошланди.
Гондурас жамоаси ҳал қилувчи учинчи ўйинда мағлуб бўлгач, мамлакатда сальвадорликларнинг таъқиби авжига чиқди. Шунда Сальвадор ўз ватандошларини ҳимоя қилишга қарор қилиб, қўшин киритди.
6 кун давом этган урушдаги йўқотишлар тинч аҳолини ҳисобга олган ҳолда 5 мингдан ортиқ кишини ташкил этди. Қарама-қаршилик БМТ босими остида ҳар икки томон учун ҳеч қандай натижасиз тугади.
Америка-Уганда уруши
1975 йилда Шарқий Африкадаги давлат тўнтаришидан сўнг Угандани ҳокимият бошига келган жирканч офицер Иди Амин бошқарган. Бу шахс ҳеч кимни менсимайдиган, каннибализмни яхши кўрадиган ва жаҳон терроризмини қўллаб-қувватлайдиган золим эди. Қўшни давлатлар, Европа, СССР ва айниқса, АҚШ унинг бу ҳаракатини маъқулламади. Буни билган Иди Амин Вашингтонга уруш эълон қилди.
Шундай бўлса-да, диктатор эртаси куниёқ конференция чақиртириб, уруш Уганданинг сўзсиз ғалабаси билан якунланганини эълон қилди. Оқ уй африкаликнинг бу ахмоқона “чиқиш”ини шунчаки эътиборсиз қолдирди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.