Олис ҳудудларда иш бошлаган шифокорлар 30 миллион сўмдан рағбатлантирилди
Вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ўтган йил 6 та оилавий шифокор пункти ва 5 та оилавий поликлиника очилган. 43 та оилавий поликлиника 5,1 миллиард сўмлик ЭКГ ва УТТ аппаратлари билан жиҳозланди. Жорий йилда яна 7 та оилавий шифокор пункти ва 4 та оилавий поликлиника очиш режалаштирилган.
Аҳолини бепул дори-дармон билан таъминлаш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари 4 миллиард 574 миллион сўмлик 66 турдаги дори-дармон билан таъминланган бўлса, 2022 йилда бепул бериладиган дори-дармонлар рўйхати кенгайтирилиб, 80 турга етказилди.
Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон туманларидаги олис ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктларини кадрлар билан таъминлаш мақсадида “Қишлоқ шифокори” дастури асосида 10 нафар шифокор ишга қабул қилинди ва улар бир марталик 30 миллион сўмдан моддий рағбатлантирилди ҳамда уй-жой билан таъминланди.
– Аҳолига кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республика ихтисослаштирилган тиббий марказларнинг 12 та филиали фаолияти йўлга қўйилиб, хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган 36 нафар етук ва малакали мутахассисларимиз ишга жалб қилинди, – деди Х.Очилов. – Натижада республика тасарруфидаги клиникаларда ўтказиладиган 350 турдаги жарроҳлик амалиётларининг 318 тури вилоят даволаш-профилактика муассасалари амалиётига жорий этилди. Биргина Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида 30 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 48 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди ва хорижда фаолият олиб борган 20 нафар ватандошимиз ишга олинди. Бу ерда йил давомида 9 мингдан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида Воҳидов номидаги республика хирургия марказининг филиали очилиб, илк бор 10 нафар беморда буйрак трансплантацияси жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Буйрак етишмовчилиги билан кўп йиллар азият чекиб юрган беморларимизга қулайлик яратиш мақсадида гемодиализ муассасалари сони 1 тадан 5 тага кўпайтирилди. Шундан иккитаси Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманида ташкил этилди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам болалар сунъий буйрак бўлими очилиб, ҳозирда 120 нафар беморга гемодиализ муолажалари ўтказилмоқда.
Ўтган йил Ургут ва Пахтачида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилган бўлса, жорий йилда Иштихон ва Булунғур туманларида шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилади.
Матбуот анжуманида давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан ўтказиладиган очиқ мулоқоти олдидан вилоят штабига тушаётган мурожаатлар ҳақида ҳам маълумот берилди.