Ўлиш тақиқланган дунё шаҳарлари

Дунёдаги баъзи шаҳарларда ўлимга нисбатан расмий тақиқ мавжуд. Қизиқ, бу  қандай жойлар ва нега у  ерда ўлиш мумкин эмас экан?

Кўпгина мамлакатларнинг ўзига хос ғалати қонунлари бор. Ўлимни тақиқлаш ҳам ғалати қоидага ўхшайди, бироқ бу “ноёб амал”ни дунёнинг еттита шаҳри қабул қилган ва кундан-кунга уларнинг сони ортиб бормоқда. Хўш, бу шаҳарлар аҳолисининг ўз ватанида ўлишига нима тўсқинлик қилади?

Бу тақиқда ғалати ва мистик нарса йўқ – қоидага кўра ўлиш ман этилган кўпгина шаҳарларда ўликларни дафн этиш учун жой қолмаган, холос. Бу бутун дунё бўйлаб хавфли тенденцияга айланиб бормоқда – шаҳарларда қабристонлар тугаяпти ва расмийлар бу муаммони тубдан хал қилиш йўлларини изламоқда.

Ланҳорон, Испания

Дунёда қабристонда жой қолмаганлиги сабабли ўлимни тақиқлашни қабул қилган биринчи аҳоли пункти Испаниянинг Ланхорон қишлоғи эди. Мамлакат ҳукумати 4 минг аҳоли истиқомат қиладиган қишлоқда янги қабристон учун ер сотиб олишдан бош тортди. Маҳаллий ҳоким бунга 1999 йилда қабул қилган қонун билан жавоб берди – Ланҳорон маъмурияти қабристонни кенгайтириш учун пул топилмагунча аҳолига ўлишни тақиқлади. Бу қонун дафн қилинадиган жойларни кўпайтирмади, бироқ, истеҳзоли мэрни жуда машҳур қилди.

Лонгийр, Норвегия

Бундай тақиқ бундан анча олдин Норвегиянинг Лонгийр шаҳрида  пайдо бўлган, бироқ, сиғимсиз қабристонларнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Лонгийр – мингдан ортиқ аҳолига эга бўлган дунёдаги энг шимолий аҳоли пункти (аниқроғи бу ерда икки мингга яқин киши яшайди). Бу ердаги ҳаво жуда совуқ, шунчалик совуқки, қабрлардаги жасадлар шунчаки парчаланмайди, бу эса уларнинг қутб айиқлари учун ўлжа бўлиб қолиши мумкинлигини англатади.  Бундан ҳам даҳшатлиси, музлатилган таналардаги тирик вирус ва бактериялар яшаб кетаверади. Мисол учун, 1998 йилда 1918 йилда гриппнинг оғир шаклидан вафот этган одамнинг жасадини текширган олимлар бу марҳумнинг танасида ҳали ҳам касалликнинг тирик патогенлари яшаганининг гувоҳи бўлишди. Лекин маҳаллий аҳоли бу кашфиётни кутиб турмаган - оролда 1950 йилдаёқ ўлиш тақиқланган эди. Эндиликда расмийлар муқобил – кремация (махсус печда мурдани куйдириш) қилишни таклиф қилмоқда – лекин бунга розилик берадиганлар жуда оз.

Ле-Лаванду, Франция

2000 йилда Франция жанубидаги 5500 аҳолига эга Ле Лаванду шаҳарчаси мэри ҳам “ким бўлишидан қатъий назар” унинг шаҳарда ўлишини тақиқлади. Аниқланишича, шаҳардаги қабристонда жойлар тугаб қолган ва яқин атрофдаги Ницца шаҳри суди шаҳар ҳокимига зайтун дарахтлари бўлган соҳил бўйидаги хушманзара ҳудудни олишга рухсат бермади. Экологлар дафн қилиш учун шаҳар ташқарисидаги ташландиқ карьердан фойдаланишни таклиф қилишди, аммо бу аҳолининг диний туйғуларини камситди – улар “ахир, қандай қилиб марҳаматли насронийни полигонга кўмиш мумкин”, деб эътироз билдиришди. Шаҳарда янги қабристон қурилмади, кремация эса диний қарашларга мувофиқ илдиз отмади. 

Шу ва шунга ўхшаш сабабларга кўра Франциянинг яна иккита Кьюно ва Сарпуранс шаҳарларида ўлиш тақиқланган.

Ицукусима, Япония

Япониянинг Ицукусима оролидаги қабристонда жой тугаган эмас - доимий икки минг аҳоли яшовчиси бўлса-да, у ерда қабристоннинг ўзи йўқ. Синтоист (будпараст ёки кўп худолилик)лар оролни муқаддас ҳисоблайди, шунинг учун бу ерда ҳеч қандай ҳолатда ўлиш ҳам, туғилиш ҳам мумкин эмас. Бу тақиқ диний урф-одатларга асосланган ва 1878 йилдан бери бу ерда ҳеч ким туғилмаган ва ҳеч ким ўлмаган. Ҳомиладор аёллар ва ўлимга дучор бўлганлар оролни тарк этишади. Ицукусимада охирги марта 1555 йилда, Миядзима жанги пайтида қон тўкилган. Ғолиб генерал нафақат барча жасадларни муқаддас оролдан олиб чиқишни, балки қон ботган тупроқни ҳам йўқ қилишни буюрди.

Фальчано-дель-Массико, Италия

Италиянинг Фальчано-дель-Массико коммунасида ҳам қабристон йўқ, лекин диний қарашларнинг бунга алоқаси йўқ. Маҳаллий аҳоли пункти қўшни қишлоқдаги қабристондан фойдаланишга мажбур. 2012 йилда мэр ҳукумат коммунанинг ҳолатига эътибор қаратади деган умидда маҳаллий аҳолига ўлишни тақиқлади. Аҳолидан эса ҳоким бор кучини ишга солиб, маъмурият янги қабристон қурмагунга қадар ўлмай туришни сўради.

Қоидани бузганлар қўшни шаҳар қабристонига ўта қиммат нархларда дафн этилади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.