Она тили- миллат ва давлатнинг руҳидир
Она тили инсон онгу шуури, қалби ва руҳига она алласи, кейинчалик бемисл эртагу ривоятлар, мақолу топишмоқлар, аждодларининг ҳаёти тикилган, миллатнинг орзу ўйлари, инсонийликнинг тарихидан сўзловчи адабий ёдгорликлар билан кириб боради. Она тили бу миллат учун айни ўзликдир. Ҳар қандай миллат ўзининг тили, яъни ўзлигини сақлаб қолиш, ривожлантириш, фарзанду набираларига, авлодларига соф ҳолида қолдириш ҳақида ўйламас, ҳаракат қилмас экан, албатта, бўҳронли, таҳликали бир замонда миллатнинг келажаги, тилнинг келажаги катта хавф остида қолаверади.
Абдурауф Фитрат бундан роппа-роса 100 йил аввал, яъни 1919 йил 12 июнда “Иштирокиюн” рўзномасида “Туркча бахтсиздир. Минг йилдан бери эзила келмишдир. Лекин битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким, бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар, лекин ўзини араб, форс тиллариндан қутқара олурми, йўқми?” - деган фикрни билдириб, тилимизнинг нега бойлигию, нима учун бахтсиз эканлигини бирма-бир очиб берган эди. Афсуски, бизнинг бой тилимиз ўша бахтсизлигича қолган экан. Энди уни нафақат араб ва форс тили, балки рус тилидан ҳам қутқармоқ кераклигини замон кўрсатиб турибди.
Русча тарбия кўрган, рус тилида фикр юритувчи, рус маданиятини ёқловчи бир гуруҳ “зиёлиларнинг” (негадир шу кунларда Муҳаммад Юсуфнинг “Сотмайди юртини бирор отбоқар, сотса зериккандан зиёли сотар”, деган мисраси бот-бот эсимга тушяпти) оммага мурожаати бугун кун тартибимиздаги асосий масалага айланиб қолди.
Мен шу ўринда уни ўзбек тили учун жон куйдирадиган ҳар бир ўзбек учун она тилимизнинг мурожаати бўлиб туюлиши зарурлигини айтмоқчиман. Қандай дейсизми?
Биз шаҳару қишлоқларимизда, пештахтаю дўконларимизда, юриш-туришимизда, муомала, олди-бердимизда она тилимизнинг жонини сақлаб, унинг софлиги учун жон куйдираяпмизми?
Биз ўзимизнинг аждодларимиз жону жаҳонлари эвазига тик бўлган давлатимизда 30 йилдан бери амалдаги давлат тилимизнинг ҳаққини адо эта олдикми, оляпмизми?
Биз фарзандларимизга соф она тилимизда эртаклар айтиб беряпмизми? Она тилимизнинг имкониятларини очиб бера оляпмизми? Бу масалада шахсий намуна бўляпмизми?
Биз, кўпмиллатли давлатда яшаётган, ўзбек тилида гаплашадиган битта ўзбек иккита бошқа миллат вакиллари ичида она тилимизда (Давлат тилида!) гапира оляпмизми?
Қайсидир чет тилини билиш – фазилат. Қайсидир чет тили билан ҳар қандай миллат дунёга бўйлайди. Аммо она тилини топташ, унинг қадри учун қайғурмаслик бу ўша тил учун хиёнатдир. Ахир она тили - бу руҳдир. Бу қалбдир. Агар она тили ҳам давлат тили бўлса, икки карра руҳдир. Бу нафақат сизнинг, бизнинг руҳимиз, бу шу ерда яшаётган, ўзини Ўзбекистон фуқаросиман деган ҳар қандай миллат учун руҳдир.
Мен Ўзбекистонда яшаётган бошқа миллат вакилларининг она тиллари борасидаги ҳуқуқларига ҳурмат билан қарайман. Аммо бир фуқаро сифатида ўзбек тилини билиш ўзларининг бурчи эканлигини унутмаслигини истайман. Болаларига ўзбек тилини ўрганиш фуқаролик бурчи эканлигини уқтирадиган ота-оналарни тарбияламас эканмиз, тилимиз обрўсини ҳуқуқий жиҳатдан ҳам кўтармас эканмиз, тилимизнинг аҳволи яхши бўлиб қолмайди.
Ўша мурожаат давом этишини истамасак, яна шундай йўл тутишни истайдиган кишилар пайдо бўлишини истамасак, бир миллат сифатида кўзимизни очишимиз керак. Уларнинг мурожаати бизга акс таъсир кўрсатиши, тилимиз учун фойдали бўлиши зарур деб ўйлайман. Улар ўзбек тилининг софлиги, тараққиёти, ривожи учун жуда катта ўзгаришларнинг бошланишига, росмана ҳаракатларнинг юзага келишига асос бўлиб хизмат қилсин. Келинг, ундан ўз тилимиз фойдаси учун фойдаланайлик.
Машҳура ҲАСАНОВА,
СамДУ ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори