Оқдарёлик ҳунарманд маҳсулотларини Америкага сотяпти

Бундан 4-5 йил илгари туманда бармоқ билан санарли ҳунармандлар бор эди. Балки кўпроқ бўлгандир, аммо улар ҳақида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Маҳаллабай ишлаш тизими, ҳудудларда ҳоким ёрдамчиси ҳамда ёшлар етакчиси вазифалари жорий этилгач, ҳунармандчилик билан шуғулланадиганлар излаб топиляпти, улар сафи кенгайиб боряпти. Бугунги кунда туманда 46 нафар фуқаро “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган. Улар 300 нафарга яқин ёшларни шогирдликка олган.

Ҳунармандлар оиласи

Туманнинг “Темарак” маҳалласи Муллахўжа қишлоғида яшовчи Азимхон ака Муҳиддинов 40 йилдан бери миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб келади. Шунингдек, у мусиқа ва санъат мактабида ўқувчиларга мусаввирлик сирларини ўргатиб келади.

- Оилавий ҳунармандчилик билан шуғулланамиз, - дейди уста. – Ўзим икки ўғлим билан турли уй-рўзғор буюмлари, жумладан, миллий нақшлар туширилган стол-стуллар, идиш-товоқлар, бешик ва сўрилар ясайман. Даҳбедлик уста Қаҳрамон Саидов томонидан қўл меҳнати билан тайёрланадиган шахмат доналарига мослаб, доскалар ясаймиз. Бунга талаб катта. Ундан ҳам хонтахта, ҳам стол сифатида фойдаланиш мумкин. Оиламизда аёллар ҳам ҳунарли. Турмуш ўртоғим келинлар билан кашта тикади. Келажакда кредит олиб, оилавий корхона ташкил этишни режалаштирганмиз.

Мижозларимизнинг аксарияти хорижлик

“Турон” маҳалласи Арпа қишлоғида 2000 йилдан бери ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб келаётган Жамол Эсоновнинг айни пайтда 20 дан ортиқ шогирди бор. Улар асосан сайёҳлар учун совғабоп маҳсулотлар тайёрлайди.

Ҳунарманд ва унинг шогирдлари томонидан тайёрланадиган 2 паллалидан 16 паллалигача бўлган лавҳларни асосан хорижликлар харид қилади. Биргина тўрт паллали лавҳни тайёрлаш учун камида икки кун вақт сарфланар экан. Лавҳ бир бутун ёғочдан махсус арралар ёрдамида ҳеч қандай елим ёки мих ишлатмасдан ясалади. Безак учун ўйма нақшлар солинади.

- Асосий мижозларимиз Покистон ва Россия давлатидан, - дейди Жамол Эсонов. – Биз ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларига америкаликлар ҳам катта қизиқиш билдиряпти. Сайёҳлар кичик совғаларни ўзлари билан олиб кетишади, каттароқ буюмларни почта орқали жўнатамиз. Келажакда устахонамизни туристик масканга айлантиришни ният қилганмиз. Бу ерда сайёҳлар ҳунармандчилик маҳсулотларини ясаш жараёнлари билан яқиндан танишиб, қизиқувчи меҳмонлар бўлса бирор буюмни ясаб кўришлари учун шароит яратяпмиз.

Жой бўлса яна 100 та янги иш ўрни яратилади

Жамол Эсоновнинг шогирди Адҳам Суюндиков дастлаб ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланган. Бугунги кунда у оилавий корхона ташкил этди. Бу ерда миллийлик ва замонавийлик уйғунлаштирилган ҳолда бир-биридан бежирим мебель жиҳозлари тайёрланяпти.

- Аввал якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш бошладим, - дейди у. – Сўнг маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси Учқун Жўраев таклифи билан оилавий корхона ташкил этдим. Натижада 20 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланди. Ҳовлимиздаги айвонда, бор имкониятдан фойдаланиб, ишлаб келяпмиз. Ҳозир фақат буюртма асосида мебель жиҳозлари ясаяпмиз. Мижозларимиз кўплигидан улгуриш қийин бўляпти. Ишчиларга эҳтиёж катта. Аммо жой масаласи муаммо бўлиб турибди. Бу масалада ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилдим. Корхонамиз учун алоҳида ер ажратилса, замонавий бино қуриб, фаолиятимизни кенгайтирамиз. Яна 100 та янги иш ўрни яратилиши мумкин.

***

Бу каби қўли гул уста-ҳунармандлар Оқдарёда кўплаб топилади. Улар учун зарур бўлган шароитлар яратилишида масъулларнинг кўмаги керак.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.