Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш сифати талаб даражасидами?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбар ва мутахассислари республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Самарқанд филиали фаолияти, ўрта тиббиёт ходимлари малака ошириш тизимининг қандай йўлга қўйилганлиги ва таълим жараёнларининг ташкил этилиши ҳолатини ўрганди.

Аввало, филиалда тиббиёт ходимларининг соҳа бўйича энг замонавий малака ва тажрибаларни ўзлаштириши учун етарли моддий-техника база яратилган. Профессор-ўқитувчилар томонидан ташкил қилинаётган ўқув жараёнлари, амалий машғулотлар, семинар ва мастер-класслар орқали улар касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаши мумкин. Дарс жараёнларида замонавий ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилганлиги, малакали мутахассисларнинг филиалга жалб этилгани эътиборга лойиқ.

Айниқса, инновацион таълим маркази фаолиятининг йўлга қўйилганлиги ўрта тиббиёт ходимларининг нафақат компьютер технологиялари бўйича саводхонлигини оширишга, балки улардан фаолияти давомида самарали фойдаланишига хизмат қилади.

- Жорий йилнинг январь-май ойларида филиалимизда 1710 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш режалаштирилган эди, - дейди Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Самарқанд филиали директори Ҳ.Эгамов. - Амалда 2368 нафар тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга эришдик. Барча малака ошириш соатлари ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда ва илғор хорижий тажрибаларни кенг татбиқ этиб ташкил этдик.

Ғайрат Бобохолов,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.