Ойлик қандай ўтди? Ёки вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотлари махфийми?

Фавқулодда вазият — бу муайян ҳудудда ўзидан сўнг одамларнинг қурбон бўлиши, одамлар соғлиғи ёки атроф-муҳитга зиён етказиши, кишиларнинг ҳаёт фаолиятига каттагина моддий зарар ҳамда унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, стихияли офат, эпидемиялар, эпизоотиялар натижасида юзага келган ҳолатдир.

Буларни санашимиздан мақсад офат ёки кўнгилсизлик фақат биз билган, кўрган ёки эшитганимиз билан чегараланмайди. Шундай экан, уларни билиш, келтирадиган зарари ҳақида тушунча ва тасаввурга эга бўлиш фойдадан холи бўлмайди. Вилоятда бу турдаги ҳодисалар қанчаси рўйхатга олинган, оқибатлари қанақа? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Илҳом Исмоиловга мурожаат қилдик.

- Илҳом ака, ёнғин содир бўлганда, аксарият ҳолларда фуқаролар фавқулодда вазиятлар ходимлари вақтида етиб келмаганидан нолийди. Бунга сабаб нима, ёнғин содир бўлган жойга қанча вақтда етиб борилади?

- Кейинги пайтда уйларда, кўп қаватли бино ва автомобилларда ёнғинлар кўп содир бўлмоқда. Бунинг асосий сабаби ёнғин хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик бўлмоқда. Фавқулодда вазиятлар бўлимларига ёнғин ҳақида хабар келиб тушгандан сўнг ҳудуднинг масофасига қараб, яқин атрофдаги ёнғин ўчириш бўлимига хабар қилинади. Бўлимларда техника ва ёнғин ўчириш воситалари шай ҳолатда бўлади ва 45 секундда белгиланган ҳудуд томон ҳаракатланади. Автомашиналарнинг ҳаракатланиш тезлиги 40-45 километр бўлиб, ҳудуд масофасига қараб етиб борилади.

Тўғри, баъзи ҳолларда фуқаролар ёнғин содир бўлганда фавқулодда вазиятлар ходимлари вақтида етиб келмаганидан шикоят қилади. Бунда ходимларнинг айби йўқ. Аслида улар белгиланган меъёр асосида иш олиб боради. Ҳозирги кунда йўллардаги тирбандликлар, кўчаларнинг таъмирталаблиги ва аҳоли томонидан турли сунъий йўл белгиларининг ўрнатилиши, шунингдек, ёнғин содир бўлгандаб фуқаролар томонидан ўзи ўчиришга уриниш ёки нотўғри манзилга хабар қилиш натижасида ҳам бундай ҳолатлар кузатилади.

- Кейинги пайтда ўзини фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими сифатида таништириб, қандайдир хизмати учун фуқаролардан пул олаётган фирибгарлар учрамоқда. Вилоятда шу каби ҳолатлар кузатилдими ва бундай ҳолатларда нима қилиш керак?

- Куз-қиш мавсумида аҳоли орасида, айниқса, туманларда махсус кийим-бош кийиб юрган ёки шу кийимга жуда ўхшаш либос кийган шахслар ўзларини “давлат ёнғин назорати органи ходими” сифатида таништириб, фуқаролардан ноқонуний пул йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бу ҳаракатлар асосан номида «ёнғин», «олов», “қарши кураш”, «хавфсизлик», «ҳимоя» каби сўзлар бўлган ва ёнғиннинг олдини олиш акс этган турли хил рамзлар туширилган муҳр-штамплардан фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган маълум бўлган.

Шуни эслатиб ўтиш керак, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ бирон бир тўлов қонунчиликда мавжуд эмас. Агар шундай ҳолатлар кузатилса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш лозим.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209¹-моддасига кўра, формали кийим-бош кийиб юриши назарда тутилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг тасдиқланган намунадаги ҳарбий, идоравий ва махсус формали кийим-бошини бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиб юриш учун жавобгарлик белгиланган.

- 15 ноябрдан 15 декабрга қадар республикамизда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” эълон қилинди. Бу борада вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва ташкилотлар томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Вилоятда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, ёнғинлар ва ис гази билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида профилактик тадбирлар олиб борилиб, тегишли идора ва ташкилотлардан 780 нафар вакил жалб этилган.

Жумладан, ойлик доирасида вилоят ҳудудидаги 974 та давлат тасарруфидаги ҳамда 265 та тадбиркорлик субъектларига тегишли обектларда,  519 та давлат ва 213 та янги қурилиш обектларида белгиланган тартибда текширувлар ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилди. Натижада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 13 минг 520 та камчилик юзасидан объект раҳбарларига ёзма кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларига қарашли обектлар, мактабгача таълим муассасалари ҳамда даволаш муассасаларида шифокорлар ҳамда ишчи-хизматчилар билан биргаликда ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмаси чақнаши ҳамда озиқ–овқат маҳсулотларидан заҳарланиш, ботулизм ва қутуриш касалликлари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.

- Ойлик доирасида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ҳудудларда қандай камчиликлар аниқланди?

- Об-ҳавонинг кескин совуши, куз-қиш мавсумида олиб борилган профилактик тадбирлар ҳамда ойлик доирасида ўтказилган текшириш ва ўрганишлар давомида маҳаллаларда, кўп квартирали уй-жойларда ҳамда иқтисодиёт тармоқларида тегишли масъул раҳбарлар томонидан ўз ҳудудларида ёнғин хавфсизлиги талабларга риоя этилмаганлиги аниқланди.

Жумладан, кўп квартирали уйларда ўтказилган текширувлар хизмат кўрсатиш ишларини олиб борган масъулияти чекланган жамиятлар томонидан ўзларига бириктирилган кўп квартирали уй-жойларда техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани маълум бўлди.

Вилоятда аҳоли яшаш пунктларида ёнғин ўчиришга мўлжалланган 2330 та ёнғинга қарши сув ҳавзалари мавжуд бўлиб, бугунги кунда 290 таси носоз ва 768 таси сув билан тўлдирилмагани кузатилди, 1372 та ер ости сув (гидрант) олгичлардан 240 таси носоз ҳолатда.

Самарқанд давлат тиббиёт университети, Ўзбекистон-Финландия педогогика институти, Самарқанд давлат чет тиллар институти,  Самарқанд давлат университети,  Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш университети ҳамда Самарқанд давлат иқтисодиёт ва сервис институтига қарашли ётоқхоналарда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган ва биноларда ўрнатилган ёнғин сигнализациялари, эвакуацияни бошқариш тизимлари носоз ҳолатда ва биноларда режали-огоҳлантирув таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

P.S: “Олдини олиш”. Бу жумла Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 60 марта қўлланилган. Демак, фавқулодда вазиятнинг оқибатини бартараф этишдан кўра, унинг олдини олиш бирламчи масала. Мазкур масалада масъул бошқармага расмий мурожаат билан чиқиб, айрим саволларимизга жавоб ололмадик.

Хусусан, “Йил бошидан буён вилоятда қанча ёнғин содир бўлгани, ис газидан заҳарланиш кузатилдими-йўқми?” деган саволимиз жавоб хатида очиқ қолдирилган. Яна савол туғилади, статистик рақамлар очиқланмас экан, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олди қай тариқа олинади?

Айтмоқчи бўлганимиз, статистика очиқланса, жамоатчилик янада сергак ва ҳушёр бўлмайдими? Ахир бутун дунёда одамларга маълумот бериш орқали муаммонинг олди олинадику!

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ суҳбатлашди.